«Славянский бульвар» метросида тротуарга чиқиб кетиб, бир неча кишини уриб кетган автобус ҳайдовчиси бу турдаги автобусни биринчи марта бошқарган. Бу ҳақда Ҳайдовчиларни аварияга қарши тайёрлаш маркази раҳбари Алексей Колонтай маълум қилди, деб ёзади «Газета.ru».
«Менда у бу турдаги автобусни биринчи марта бошқарганлиги тўғрисида маълумот бор. Бу эса ўта муҳим ҳолат», — дея таъкидлайди Колонтай.
Унинг сўзларига қараганда, ҳайдовчилар учувчилар каби янги транспорт воситасига мослашиши лозим. Ҳайдовчи нотаниш автобусга мослашиш учун йўловчиларсиз юриши керак эди.
«Бу вазиятда эса ҳайдовчи мутлақо нотаниш машинада бўлган ва оғир вазиятда тўғри қарор қабул қила олмаган», — қўшимча қилади Алексей Колонтай.
Эксперт фикрича, ҳайдовчи ҳодиса кўламини камайтириши мумкин эди, бироқ у бундай вазиятга тайёр бўлмаган ва саросимага тушган.
Аввалроқ автобусни ишлаб чиқарувчи компания ҳайдовчи эҳтимол автобусни тўхтатишга ҳатто уринмаганлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)