2017 йил Ўзбекистон учун сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар йили бўлди. Қўшни — Марказий Осиё мамлакатлари республика ташқи сиёсатидаги асосий устувор вазифага айланди. Президент Мирзиёев ва соҳа вазирларининг минтақа давлатлари раҳбарлари билан кўп сонли учрашувлари бу ҳақда гувоҳлик беради. Бу алоқаларнинг асосий мавзуси — барча соҳаларда, биринчи навбатда, иқтисодиётда ҳамкорлик. Ўзбекистоннинг машҳур иқтисодчиси Юлий Юсупов Open Asia нашрига Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бундай интеграция нима учун шунчалик муҳимлиги ҳақида сўзлаб берди.
Мана бир йилдан ошдики, Ўзбекистон ҳукумати Марказий Осиё ҳудудида фаол интеграция сиёсатини юритмоқда. Бу республика учун нега шу қадар муҳим?
— Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳудудий интеграция нима сабабдан ўта фойдали ва зарур эканлигини мақолаларимда бир неча марта тушунтириб берганман. Қисқача айтганда, аргументлар қуйидагилар:
- Минтақавий интеграция Марказий Осиё мамлакатларига меҳнатнинг ҳудудлараро тақсимланишидан қўшимча фойда олиш имконини беради.
Минтақа мамлакатлари халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперацияси афзалликларидан фойдаланишга асосланган ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик учун катта захираларга эга. Минтақа мамлакатлари аксарият ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий муаммоси — кўламда тежашдан фойдаланиш имконини бермайдиган тор сотиш бозорлари. Бозорнинг чекланганлиги кичик ярим ҳунармандчилик ишлаб чиқаришни юзага келтиради. Улар эса ҳар доим ҳам яхши сифатдаги маҳсулотни ишлаб чиқармайди. Минтақавий интеграция сотиш бозорини анча кенгайтириш имконини беради ва йирик рақобатбардош ишлаб чиқаришнинг ўсишини рағбатлантиради.
Бундан ташқари, турли мамлакатлар корхоналари ҳаракатларининг кластер форматидаги кооперацияси учун қўшимча имкониятлар юзага келади. Дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг аксарияти бугунги кунда айнан кластер форматида ишламоқда. Савдо тўсиқларини бартараф этиш минтақада халқаро кластерларни яратиш имконини беради. Кластерлар нафақат ишлаб чиқариш секторида, балки сайёҳлик соҳаси, халқаро транспорт йўлакларини яратиш ва халқаро транспорт инфратузилмасини барпо этишда ҳам юзага келиши мумкин.
- Интеграция мамлакатларимизни хорижий инвесторлар учун янада жозибадор қилади.
- Интеграция рақобатни кучайтириш имконини беради, бу эса маҳсулотимиз рақобатбардошлигини ошириш учун замин яратади.
Минтақавий савдони кучайтириш, инвестиция ва меҳнат ресурсларининг давлатлараро кўчиши, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа шакллари миллий иқтисодиётлар ичида рақобат муҳитини кучайтиришга қодир ва бу билан иқтисодий тараққиёт учун қўшимча импульс яратади.
Бу интеграция жараёнида Ўзбекистонга қайси ролни ажратасиз?
— Замонавий иқтисодиётда юзлаб, ҳатто минглаб тармоқлар фаолият юритмоқда, ўн, юз миллион номдаги товар ва хизматлар, жумладан, хом ашё, эҳтиёт қисмлари, қурилма, тайёр маҳсулот ва бошқалар ишлаб чиқарилмоқда. Бундай хилма-хилликда ишлаб чиқарувчиларимиз иқтисодиётнинг деярли исталган секторида ўз «жойини» топиши мумкин. Асосийси — ўз истеъмолчиларини топиш ёки қўшимча қиймат яратишдаги халқаро занжирга қўшилиш (масалан, бирор-бир материал тури ёки бирор-бир детални ишлаб чиқариб). Шунинг учун ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар айнан қаерда ўзини топишини олдиндан аниқлаш имконсиз.
Фақат бир қатор вазиятлар туфайли улар иқтисодиётнинг қуйидаги сектор ва соҳаларида нисбатан устунликка эга бўлишини тахмин қилиш мумкин:
- тўқимачилик саноати (ўз хом ашёси — пахта, жун, ипакка эга);
- мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш (суғориладиган қишлоқ хўжалиги ва қулай иқлим);
- кимё саноати ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш (ер остида деярли бутун «Менделеев жадвали» бор);
- ишлаб чиқариш кучи яратилган ва маълум бир тажриба тўпланган саноат товарларининг кўплаб турларини ишлаб чиқариш (салқин ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўплаб турлари ва уларга хом ашёлар, мебель, оёқ кийим, қадоқлар, тиббиёт буюмлари, сигареталар, маиший техника ва бошқалар);
- хизматлар (туризм, логистика, транспорт, консалтинг).
Марказий Осиё давлатларининг бир қисми — Қирғизистон ва Қозоғистон — Европа иқтисодий иттифоқи аъзолари, қолганлари аъзо эмас. Бу факт минтақавий иқтисодий интеграция ғояси билан қандай мос келади?
— Бир томондан, минтақа мамлакатларининг Евроосиёдаги иштироки (Қозоғистон, Қирғизистон) ёки Иттифоққа қўшилишга интилиши (Тожикистон) ушбу мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорлик учун тўсиқларни бартараф этиш имконини беради, шунингдек, бу тўсиқларни қандай бартараф этиш бўйича бошқа мамлакатларга йўналиш беради.
Бироқ, бошқа томондан, бу минтақанинг Иттифоққа кирмайдиган мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам музокара жараёнини бир мунча қийинлаштириши мумкин. Чунки Иттифоқ иштирокчилари ташқи иқтисодий сиёсатида эркин бўлмайди.
Бироқ бу минтақавий иқтисодий интеграция жараёни учун катта тўсиқ деб ўйламайман. Хоҳиш бўлса ҳар доим келишиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги тўсиқларни бартараф этиш мумкин.
Фикрингизча, Марказий Осиёнинг бундан кейинги интеграциясига қандай тўсиқ ва чекловлар тўсқинлик қилиши мумкин?
— Бу, биринчи навбатда, эркин савдо йўлидаги турли хил тариф ва нотариф тўсиқлардир. Жумладан, Ўзбекистонда ҳанузгача Марказий Осиё мамлакатлари товарлари учун ҳам импорт акцизлари қўлланилмоқда.
Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этаётган имтиёзлар рақобат муҳитини бузади ва қўшни мамлакатлар корхоналари учун нотенг шароитларни юзага келтиради.
Одамларнинг эркин ҳаракатланишини виза режимлари (масалан, Ўзбекистонда Тожикистон ва Туркманистон билан виза режимлари амал қилади), чет элликларнинг киришини рўйхатга олишнинг мураккаблаштирилган қоидалари (бу Қирғизистондан ташқари минтақанинг барча мамлакатларига хос).
У ёки бу шаклдаги минтақавий иқтисодий иттифоқни шакллантириш истиқболларининг имкониятлари қанақа?
— Бундай иттифоқни ташкил этиш минтақавий интеграциянинг мажбурий шарти эмас. Уни икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар ва келишувлар асосида ҳам ривожлантириш мумкин. Ўрта муддатли истиқболда Евросиё иқтисодий иттифоқи каби иттифоқни ташкил этиш эҳтимолдан узоқ.
Изоҳ (0)