Англия Премьер-Лигасининг 19-турида «Бёрнли» дарвозасига 3 та гол урган «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн ОАВ диққат марказида бўлиб турибди.
Биринчи галда у 2017 йил давомида энг кўп хет-трик қайд этган футболчи эканини эслаш ўринли. Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг ҳамда Миланнинг «Интер» клуби вакили Мауро Икарди 2017 йил давомида 3 мартадан хет-трик қайд этишга муваффақ бўлди. Кейнда эса бу кўрсаткич 7 тани ташкил қилгани диққатга сазовор.
Кейн, шунингдек, АПЛнинг афсонавий футболчиларидан бири Алан Ширернинг рекордини такрорлади. 2017 йил ҳисобидан ҳужумчи АПЛ доирасида 36 та гол уришга эришди. 22 йил олдин Ширер ҳам бир йил ичида шунча гол уришни уддалаганди.
Ҳаррида рекордни янгилаш учун имконият сақланиб турибди. 26 декабрь куни «Тоттенҳэм» Лондонда «Саутгемптон»ни қабул қилади. Мазкур ўйинда Кейн ақалли 1 та гол урса ҳам, Ширер ёзиб кетган тарихда янги ном пайдо бўлади.
Ва ниҳоят, Кейн Лионель Месси билан камида тенглашиб олиш имкониятига эга бўлиб турибди. Кеча — 23 декабрь куни бўлиб ўтган «Эль-Класико»да «Реал» дарвозасига гол урган Месси, 2017 йил ҳисобидан урган барча голларини 54 тага етказиб олди ҳамда Криштиану Роналду, Эдинсон Кавани, Роберт Левандовски каби футболчилардан ўзиб кетди. Мазкур трио йил давомида барча турнирларда 53 тадан гол уришга эришганди.
Лионель Месси 2017 йилни «Олтин тўп» соҳиби Криштиану Роналдудан кўпроқ гол уриб, якунлади
«Бёрнли»га қарши ўйиндаги хет-трикдан кейин Кейннинг голлари ҳам 53 тага етди. Айтиб ўтилганидек, 26 декабрь куни ҳужумчи «Саутгемптон» постига гол урса, нафақат Ширернинг рекордини янгилайди, балки 2017 йил ҳисобидан Месси билан тенглашиб олади. Айни вақтда унда Леодан ўзиб кетиш учун ҳам яхши шароит ҳам бор.Левандовски, Роналду ҳамда Кавани эса бу йил ҳисобидан қайтиб майдонга тушмайди.
Изоҳ (0)