Ўзбекистон футболини юқори чўққига олиб чиқиш ҳаракатида бўлган ЎФФ вице-президенти Шоакрам Исроилов ҳамда ПФЛ бош директори Омон Ғофуров «Championat.asia» ходимлари билан суҳбатда мамлакат футболидаги бир қатор оғриқли масалаларга тўхталиб ўтган.
Уларнинг қайд этишича, келаси мавсумдан бошлаб футбол ҳакамларига тўланадиган пуллар икки баробар оширилади. Қачонки улар муносиб рағбатлантирилса, ўйинларни адолатли бошқариши мумкин, дейилади суҳбатда. Бунинг ортидан эса ортиқча гап-сўзларга ҳожат қолмайди.
Шунингдек, келаси мавсумдан бошлаб ҳакамларга қўйиладиган баллар ҳам эълон қилинмайди. Чунки бутун дунёда шундай. Назоратчи ҳам баллар ҳақида ҳакамларга айтмайди, фақатгина хатоларини тушунтириш билан чекланади. Бу ҳолат рефериларни ўз устида ишлашга мажбур қилади.
Яхши балл тўплай олмаган ҳакамлар келаси турда Супер Лига эмас, балки Про-Лига ўйинларига «сургун» қилинади. Ўз иш сифатини оширмагунича, асосий лигага яқинлаштирилмайди.
Шоакрам Исроилов ҳамда Омон Ғофуровнинг ишонтириб айтишича, қилган хатолари учун ҳакамлардан Шерзод Қосимов, Азиз Асимов, Дониёр Сайлавов кабилар жазоланган. Бироқ мазкур реферилар айнан қайси ўйинларда хато қилгани ва уларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани айтилмаган. Ваҳоланки, ЎФФ бунга қадар жазо тайинланган ҳакамлар масаласида мунтазам ҳисобот бериб келаётганди.
Келаси мавсумдан бошлаб ПФЛ клублари учун жарималар миқдори кескин оширилади. Чунки улар учун 10—20 миллион сўм ҳеч нарса бўлмай қолган. Жарималар ошса, улар хато қилишдан олдин ўйлаб кўради, дейилади учрашувда.
Изоҳ (0)