21 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғонистонлик ҳамкасби Муҳаммад Ашраф Ғани билан 4–6 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида эришган келишувларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Музокараларда ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси «Арг» саройида Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. Афғонистон раҳбари томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон – Афғонистон мулоқотини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидланганидек, Сурхон – Пули Ҳумри электр узатиш тармоғи ва Мозори-Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини биргаликда қурилиши, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда бошқа йирик лойиҳаларни тадбиқ этиш Афғонистон учун стратегик аҳамият касб этади.
Кобул шаҳрида Абдулазиз Комилов Афғонистон миллий бирдамлик ҳукуматининг ижроия кенгаши раиси Абдулла Абдулла, ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, молия вазири Эклил Ҳаким, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмар билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Афғонистоннинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Изоҳ (0)