Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида аёл кишининг ҳаётига таҳдид қилувчи зўравонлик ишлатиб, унинг қимматликларига эга чиққан икки талончи ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
«16 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимилари томонидан ўтказилган ‘Тозалаш-Антитеррор’ тадбири давомида соат 22:00 ларда Миртолипов Муротжон Хамидулла ўғли ва муқаддам судланган Шодмонов Комилжон Камол ўғли Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида Камилова Вероника Владимировнанинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, Artel русумли уяли телефони, кумуш занжири ҳамда 331 минг сўм миқдоридаги пулларини эгаллаб олганликлари аниқланди», — дейилади хабарномада.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми «б» банди (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилия ва исмларнинг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.
Изоҳ (0)