Амирликларда бўлиб ўтган футбол клублари ўртасидаги Жаҳон Чемпионати ўз якунига етди ва унда Мадриднинг «Реал» клуби зафар қучди.
Европа Чемпионлар Лигасининг ғолиби сифатида Абу-Дабига етиб келган «Қироллик клуби» финал ўйинида Либертадорес Кубоги ғолиби бўлган Бразилиянинг «Гремио» жамоасини синовдан ўтказди ва Криштиану Роналдунинг ягона голи эвазига рақибини мағлуб этди. Шу куни «Реал» рақибидан ҳар жабҳада устунлик қилиб, «Гремио» футболчиларига бирорта ҳам аниқ зарба бериш имкониятини қолдирмади.
«Реал»га қадар Жаҳон Чемпионатида кетма-кет икки бор зафар қучиш ҳеч кимга насиб қилмаганди. Бу Мадрид етакчиси учун умумий ҳисобда учинчи соврин бўлди. 2014 йил «Реал» Аргентинанинг «Сан-Лорнесо» клубини енгиб, чемпионликни қўлга киритган бўлса, 2016 йил финалда Япониянинг «Кашима Антлерс» клубидан устунлик қилганди.
Шу тариқа мадридликлар чемпионлик борасида азалий рақиби ҳисобланган «Барселона»га етиб олди. Каталониялик футболчилар 2009, 2011 ва 2015 йилги мавсумларда клублар мундиалида бош совринга эга чиққанди.
Жаҳон Чемпионати Финал 16 декабрь, шанба
«Реал Мадрид» — «Гремио» 1:0
Гол: Криштиану Роналду, 53 (1:0).Мундиал якунларига кўра, Лука Модрич «Олтин тўп»га лойиқ кўрилди. Кумуш тўп эса финалда гол урган Криштиану Роналдуга насиб қилди. Португалиялик ҳужумчи ортда қолган 13 та мундиал тарихида энг кўп гол урган футболчига айланиб олди — 7 та. Лионель Месси, Сесар Дельгадо, Луис Суарес каби футболчиларда 5 тадан аниқ зарба бор.
Изоҳ (0)