Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенеши Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси 12 декабрь куни Қирғизистон Республикасининг «2017 йил 6 октябрда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида ҳаво транспорти қатновига хизмат кўрсатиш учун жавобгарликни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ҳақда Қирғизистон ЖК матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қирғизистон транспорт ва йўллар вазири Жамшидбек Калилов Ҳаво қатнови ҳақидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишда асосий мезон икки давлат ҳудудлари осмонидаги парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўлганини айтди. Қоида бўйича, бунга фақат барча баландликларда ҳаво кемалари экипажлари ва келишаётган давлатларнинг ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматлари ўртасида барқарор радиоалоқа мавжуд бўлган тақдирдагина эришилади.
Қўмита аъзолари тақдим этилган Битимни учинчи ўқишда маъқуллади.
Изоҳ (0)