Қўшма Штатлар Исроил ҳукуматидан Вашингтоннинг Қуддусни пойтахт сифатида тан олишига муносабат билдиришда босиқроқ бўлишни сўради. Бу ҳақда 6 декабрь куни Давлат департаментининг тегишли ҳужжатига таяниб, Reuters агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади «ТАСС».
Унда АҚШ салбий реакцияни ўрганаётгани ҳамда америкаликлар ва мамлакат активларига потенциал таҳдидга баҳо бераётганлиги таъкидланади.
«Бу янгиликни оммавий маъқуллашингизни эътироф этсак-да, сиздан расмий муносабат билдиришда босиқроқ бўлишни сўраймиз, — дейди америкалик дипломатлар исроиллик ҳамкасбларига. — Бу янгиликларга Яқин Шарқ ва бутун дунёда қаршиликлар кўрсатилишини кутаяпмиз. Биз ҳали ҳам бу қарор Америка объектлари ва ходимларга (дипломатик бошқарма) қандай таъсир кўрсатишини баҳоламоқдамиз».
Агентлик, шунингдек, Давлат департаменти Европа элчихоналарига юборган тезисларни келтиради. Уларда бошқарма Вашингтон ўз қарори билан Қуддуснинг «якуний мақоми»ни олдиндан белгиламаганлиги, буни Исроил ва Фаластин тинчлик битими доирасида ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлайди.
Изоҳ (0)