Тошкентда 28 ноябрь куни «Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори» мавзуида халқаро медиа-форум бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, ЮНЕСКО ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатдаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дунёдаги етакчи музей, кутубхона, илмий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган «Катта Лангар Қуръони», «Меърожнома», «Темур тузуклари», «Девони Ҳусайн Бойқаро», «Равзатус-Сафо» (Поклик боғи) қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга топширилиши тадбирнинг муҳим воқеаси бўлди. Ушбу нусхалар қўлёзмаларнинг аслига жуда яқин, олтин қопламали қоғозда битилган.
Тадбирда ушбу тўпламлар 49 мамлакатдан келган 136 музей ва кутубхона вакилларига топширилди.
Тадбирда, шунингдек, 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилган китоб-альбомлар ва фильмлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Китоблар Ўзбекистон, Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия ва Япониядаги фондларда сақланаётган, юртимизнинг нодир осори-атиқаларига бағишланади.
Медиа-форумнинг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, жаҳон коллекцияларида Ўзбекистон санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди. Япониялик олимларнинг музей экспонатлари ёшини аниқлаш бўйича янги технологиялар ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Изоҳ (0)