27 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжат асосида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. Ташкилий қўмита ушбу санани нишонлаш бўйича тадбирлар режасини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиши белгиланди.
Тадбирлар режасида қуйидагилар назарда тутилади:
2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш;
Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш;
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)» китобини, «Маънавият» нашриётида Ислом Каримовнинг «Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир», «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарларини, шунингдек, «Президентга мактублар» китобини нашр этиш ҳамда белгиланган тартибда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказиш;
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди билан биргаликда «Ислом Каримов — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказиш;
2018 йилнинг I чорагида «Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танловини якунлаш ва унинг ғолибларини тақдирлаш;
таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этиш.
Ташқи ишлар вазирлиги юбилей тадбирларида хорижий меҳмонлар, олимлар ва экспертлар иштирокини таъминлашда ҳамда уларга республикага кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатади.
Ниҳоят, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юбилей тадбирларини ўтказиш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқиши ва уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаши белгиланди.
Изоҳ (0)