Янгиликларнинг деярли ҳар бир сонида Шимолий Корея ҳақидаги репортажга дуч келамиз. Буюк йўлбошчи Ким Чен Ин осмонга кўтарилган ракетага қараб ҳузурланади, эринчоқлик билан чапак чалиб, жилмаяди. Унинг қўли остидагилар «Ўртоқ Ким, Сеулни олов денгизига айлантирамиз! Америкаликларни жазолаймиз!» деб қичқиради.
АҚШ президенти Дональд Трамп Америка ёки унинг иттифоқчиларини ҳимоя қилиш зарурати юзага келса, Шимолий Кореяни йўл қилишга ваъда беради, деб ёзади «Новая газета».
Кимлар сулоласи
Шимолий Кореяни етмиш йилдан буён Кимлар сулоласи бошқаради. КХДР асосчиси Ким Ир Сен мамлакатни катта ўғли Ким Чен Ирга мерос қолдирди. Тахтни мерос қолдириш қонунлари ҳамма жойда бир хил: бу тўнғичнинг ҳуқуқи. Нега Ким Чен Ир тахтни учинчи, кичик ўғлига қолдирди?
У ўзининг биринчи рафиқасини эридан олиб кетди. Бироқ никоҳ махфийлигича қолди. Ўғли Ким Чон Намни четга ўқишга юборишди. Собиқ Иттифоққа. Москва унга маъқул келмади: қулай эмас. Ким Чон Нам Швейцарияга кўчирилди. У Пхеньянга қайтганда эса уйи ҳам, оиласи ҳам йўқлиги маълум бўлди. Отаси бошқа аёл билан яшар, уларнинг ўз фарзандлари улғаяётган эди. Бундан катта ўғил жуда куюнарди.
Пхеньяндаги зерикарли ҳаёт унга ёқмади. Истаган барча нарсаси бор эканлигига қарамасдан, у тушкунликка тушди. У бу ердан кетишни истади. Отаси рози бўлди.
Хасталик Ким Чен Ирни меросхўр танлашда шошилишга мажбур қилди. Унинг ўғиллари тўртта эди. Турли рафиқаларидан. У нафсонияти, қатъийлик ва собитқадамлигини эътиборга олиб, кичик ўғлини танлади: Ким Чен Ин асирга олмайдиганлар хилидан.
Кичик ўғил
Ким Чен Ин улғайганда ўқиш учун Швейцарияга юборилди. Бошқа ном остида. У швейцариялик тенгдошларидан калта эди. Онаси баскетбол ўйнаса ўсишини таъкидлар эди. У ютқазишни ёмон кўрарди. Унга бир йўла бир неча жуфт Nike кроссовкаларини харид қилишди. Бир жуфти 200 доллар турадиган бундай кроссовкалар синфидаги ҳеч кимда йўқ эди. Бу қурғоқчилик туфайли Шимолий Кореяда одамлар очликдан ўлаётган йил эди. Таътилда уни Парижга, Диснейлендга олиб боришар эди.
Кичкина Ким ҳаётдан завқланар ва отасининг бошқарувини кузатар эди. Отаси оз муддат аввал ёқтирган инсонларидан қандай воз кечганлигини кўрди. Бошқа бир дарс: ҳеч кимга ишонмаслик кераклигини ўзлаштирди.
Бўлажак йўлбошчи табиатан қулоқсиз ва сабрсиз эди, жаҳли тез чиқиб кетарди.
Ака-уканинг йўллари айро тушди
Катта ўғилга чет эл банкларидаги оилавий ҳисоблар ишониб топширилди. Гап турли йўллар билан топиладиган, бироқ мамлакатга кирмайдиган миллиардлаб долларлар ҳақида бормоқда.
Ким Чен Ир 2011 йилнинг 17 декабрида юрак хуружидан вафот этди. Катта ўғли у билан видолашиш учун Пхеньянга келди. Кичик ука у билан кўришишни истамади. Сиёсий бюро мажлисида Ким Чен Ин бош қўмондонликка тасдиқланди.
Ким Чен Ин ишни дахлсизлар йўқлигини мамлакатга кўрсатишдан бошлади!
Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси кенгайтирилган мажлисида ўз амакисини ҳибсга олди. Мамлакат ҳокимият тепасига ким келганлигини англаб етиши керак эди. Судда давлат тўнтариши тайёрлаётганлигини тан олган амакисини қатл этишларини буюрди.
Ким Чен Иннинг акаси Япониянинг «Асахи» телекомпанияси журналистларига «Ҳокимиятнинг мерос бўлиб ўтишига қаршиман. Кичик укам мамлакатни бошқариш учун зарур хислатларга эга деб ҳисобламайман» деди.
Ука бу сўзларни қарши чиқиш деб қабул қилди.
Ўта шафқатсизлик билан
Ким Чон Нам енгил пиджак ва жинси, елкасида рюкзак билан Куала-Лумпур аэропортидан учиб кетаётган эди. Унга икки ёш аёл яқинлашди. Улардан бири уни чалғитиб, иккинчиси юзига аллақандай суюқликни сепиб юборди. Суюқлик терига яхшироқ сингиши учун устидан рўмолча ташлади. Рўмолчани ўн сонияча ушлаб тургандан кейин ҳар иккала аёл қочиб кетди.
Ким Чон Нам шу заҳоти кўр бўлиб қолди. Шимолий Корея етакчисининг катта акаси 20 дақиқадан сўнг тез ёрдам машинасида вафот этди.
Малайзия соғлиқни сақлаш вазири Субраманьям Сатасивам Ким Чон Нам ўлимига асабларни фалаж қилувчи VX заҳарли моддаси сабаб бўлганлигини маълум қилди. Уни ҳеч қандай заҳарга қарши восита қутқара олмас эди.
VX — жанговар заҳарловчи модда бўлиб, уни ишлаб чиқариш тақиқланган.
Бу Пхеньян хўжайинининг ташқи оламга: бизда кимёвий қурол ҳам бор деган яна бир сигнали бўлди.
Қўлда бомба билан бахт
Янги ҳукмдорнинг ташқи кўриниши бобоси — буюк йўлбошчи Ким Ир Сенни эслатади. Бу унинг фойдасига аҳамияти кичик бўлмаган аргументдир. У бежизга айнан шундай френч ва соч турмаги билан юрмайди...
Ким Чен Инни савдойи, ҳаётдан узоқ ойпараст деб аташади... Бироқ у ақлдан озмаган. У ундан қўрқишларини истайди. У қўллари ҳамма жойга етишини ҳамма тушуниб етиши учун мамлакат, унинг ташқарисида ҳам одамларни ўлдиради.
Ким Шимолий Кореяни ядро мамлакати деб тан олишларига умид қилмоқда. Шунда уни ҳеч ким ағдара олмайди. Ким Чен Иннинг доимий ядро ва ракета провокациялари туфайли Корея ярим оролида тинимсиз ёмонлашаётган вазият дунёни урушга етакламоқда.
Шимолий кореялик физик ва ракетачилар муваффақиятига узоқ вақт ишонишмади. Бироқ 2006 йилнинг 9 октябрида илк муваффақиятли ядро қуроли синови ҳақида маълум қилинди. Бугун Пхеньян нималарга эга?
КХДР аллақачон 20 тадан 30 тагача ядровий қурол-аслаҳага эга. Ҳар йили еттитагача ядро қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришга қодир. 2018 йилда улар атом электр станцияси қурилишини якунлагандан сўнг эса ўнта жанговар каллак чиқара олади. Ҳозирда парвоз давомийлиги тўрт минг километргача бўлган ракетани синовдан ўтказмоқда ва у икки йил давомида қуролланишга қабул қилинади. Қитъалараро ракета ишлаб чиқарилиши охирига етказилиши учун яна уч—тўрт йил керак. Шунингдек, сув ости ракета ташувчилари синовдан ўтказилмоқда. Шунинг учун яқин вақт ичида Шимолий кореяликлар ракета-ядро қуролининг тўлиқ номенклатурасига эга бўлади. Икки йилдан сўнг Америка базалари ва иттифоқчиларига зарба бериш имкониятини қўлга киритади.
Пхеньян оммавий қирғин қуролидан воз кечмайди: парчаланган атом — ҳокимиятни сақлаб қолиш кафолати. Қолаверса, энг яхши шантаж воситаси: қўрқитиб, ён босишга эришиш, иқтисодий ёрдам олиш ва америкаликларни КХДРни тан олишга кўндириш мумкин.
Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси пленумида шундай дейди:
— Ядро қуроли — тутиб турувчи, мамлакат суверенитетини таъминловчи қудратли куч. Бу қимматбаҳо қилич.
Ва такаббурлик билан дунёни огоҳлантирди:
— Мамлакатимиз Шарқнинг энг кучли душман ҳам енга олмайдиган ҳарбий мамлакатидир.
Компьютер хатоси
«Ўн йил аввал, Люксембург форумида ишлай бошлаганимда, ядро ҳалокати ҳақида гапириш ўринсиздек эди. Президентлар Медведев ва Обама 2011 йилда ядро қуролини чеклаш ҳақидаги битимни имзолади. Энди эса ядро ҳалокати реалликка айланмоқда. Ва бугун кутилмаган ядро уруши юзага келиши олдини олиш механизми йўқ», — дейди Игорь Иванов.
Унинг сўзларига жавоб қайтараркан, АҚШ собиқ мудофаа вазири Уильям Перри ўз тажрибаси билан бўлишди: «1979 йил октябри, вазир ўринбосари эканлигимда, тунги учда қўнғироқдан уйғондим. Шимолий Америка аэрокосмик мудофааси бирлашган қўмондонлиги навбатчи генерали унинг компьютерлари АҚШ томонга 200 та совет ракетаси учаётганлигини кўрсатаётганлигини маълум қилди. Юрагим тўхтаб қолай деди. Бироқ генералнинг таҳлика ёлғон эканлигига ишончи комил эди. У компьютердаги хатолик сабабини топишга ёрдам беришимни сўради.
Буни аниқлаш учун бир неча кун керак бўлди! Оператор янглишиб компьютерга ҳужум қилишнинг реал сценарийси тузиб чиқилган ўқув дастурини ўрнатган. Бир кишининг хатоси бутун цивилизациянинг йўқ қилинишига олиб келиши мумкин эди. Дунёни нима сақлаб қолди? Навбатчи генерал.
Ёлғон тревога сигнали Яқин Шарқдаги инқироз вазиятида келиб тушса-чи? Буни навбатчи президентга етказар, президентнинг эса қарор қабул қилиш учун ўн дақиқа вақти бўлар эди. Америка қитъалараро баллистик ракеталарини учириш ҳақида буйруқ берилган тақдирда эса уни бекор қилиш ёки парвоз давомида ракеталарни йўқ қилишнинг ҳеч қандай имкони йўқ. Ядро уруши шу тарзда бошланган бўлар эди. Одамлар эса бундан кейин ҳам адашади, машиналар ҳам бузилиб туради...».
Изоҳ (0)