14–15 ноябрь кунлари Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон ва Грузия ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Грузия делегациясига вазир ўринбосари Давид Жалагания бошчилик қилди.
Учрашувда Ўзбекистон – Грузия кун тартибининг асосий масалалари ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Георги Квирикашвилининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳридаги учрашуви икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлди ва ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилади.
Грузия делегацияси Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ва 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган дастурий нутқларининг асосий қисмлари тўғрисида хабардор қилинди.
Давлат раҳбари илгари сурган ташаббуслар Ўзбекистон – Грузия алоқаларини кенгайтириш, унга кўп қиррали тус бериш ва ҳамкорликнинг биргаликдаги механизмларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратиши таъкидланди. Бу нуқтаи назардан савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш муддати ва кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий муаммоларнинг алоҳида мавзулари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)