17 ноябрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султоновни қабул қилди. Бу ҳақда APA агентлиги маълум қилди.
Учрашув чоғида А. Султонов Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби билан ўтказган учрашувларини илиқлик билан эслашини ҳамда И. Алиев халқининг буюк фарзанди эканини таъкидлашини билдирди.
У Ўзбекистон Президенти икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг барча имкониятларидан фойдаланиш зарурлигини айтишини қўшимча қилиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, давлат раҳбари Озарбайжон президентининг ташрифини сабрсизлик билан кутмоқда ҳамда ташриф самарали ўтиши учун зарур тайёргарлик ишларини амалга оширмоқда.
Шунингдек, А. Султонов яқинда фойдаланишга топширилган Боку – Тбилиси – Карс темир йўлининг минтақа учун аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Илҳом Алиев Алишер Султоновга илиқ сўзлар учун миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистон раҳбари билан учрашувларидан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлаб ўтди.
Президент икки мамлакат ўртасидаги қардошлик муносабатлари умумий тарих, маданият ва тил омилларига асосланишини айтди.
Сиёсий алоқалар даражаси ҳақида гапирар экан, Илҳом Алиев давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда халқаро структуралардаги ўзаро ёрдамни қайд қилиб ўтди. Ниҳоят, у товар айланмаси, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини билдирди.
Изоҳ (0)