Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси минтақавий бўлинмалари раҳбарлари олдида чиқиш қилар экан, АҚШ ҳукумати Сурия инқирози бошланганидан буён берилган ваъдаларни бажармаётганини, ИШИДга қарши кураш бўйича баёнотлар эса қуруқ гап эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Америка, афсуски, Сурия инқирозининг бошидан буён берилган ваъдаларнинг катта қисмини бир четга суриб қўйди. Биз Афринда бундай ўйин давом этишини хоҳламаймиз. Биз осонликча ҳал қилишимиз мумкин бўлган муаммо АҚШ томонидан чўзилмоқда», — деди Туркия етакчиси.
Унинг сўзларига қараганда, Оқ Уй раҳбариятининг ўзгариши вазиятда бурилиш ясамади.
Эрдўғон Барак Обама маъмурияти Раққа, Дайр аз-Завр ҳамда Суриянинг бошқа шаҳарларида ўз ваъдаларини бажармаганини таъкидлаб ўтди.
«ИШИДга қарши кураш — шунчаки сўзда. Сиз нима қилдингиз? ИШИДга кўп доллар тўладингиз. Менинг аскарларим қаҳрамонларча кураш олиб борди. 2 минг квадрат километрлик бу ер ИШИДдан тозаланди. Бошқалар эса ғалаба белгилари учун доллар тўлади. Биз улар буни қачон ва қандай қилгани ҳақида гапирган эдик», — қўшимча қилди Туркия раҳбари.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)