Туркия бош вазирининг ўринбосари Бакир Бўздоғ ИШИД жангарилари Раққани «Сурия демократик кучлари» (SDF) кўмагида Вашингтон розилиги билан тарк этгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Унинг фикрича, АҚШ Сурияда террорчиликка қарши кураш олиб бормаяпти, деб хабар беради «РИА Новости».
«Террорчиларга қарши очиқ кураш ҳақида гап кетмаган. Акс ҳолда Вашингтон бир террорчи ҳаракатга қарши курашда бошқаси билан ҳамкорлик қилмас эди. Ақлга сиғмайди, лекин бу факт. Агар террорчиларга қарши реал кураш ҳақида гап борганида, АҚШ Туркия каби кучли мамлакат билан ҳамкорлик қилган бўлар эди», — унинг сўзларини келтиради Anadolu агентлиги.
Олдинроқ Британиянинг BBC телерадиокомпанияси ўтказган текшируви натижаларига кўра курдларнинг SDF тузилмаси АҚШ розилиги билан 250 жангарини Раққадан олиб чиқиб кетишни таъминлаганини маълум қилган эди.
Ундан аввал Суриянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси АҚШ бошчилигидаги коалиция ИШИД террорчиларининг Раққадан чекинишига кўмак берганини билдирган эди.
Изоҳ (0)