Саудия Арабистонининг меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон қисқа вақт ичида ўз мамлакатидаги ва бутун дунёдаги нуфузли одамлардан бирига айланди. 32 ёшли шаҳзода Саудия Арабистони ҳарбий ва ташқи сиёсатини ўзгартирмоқда. Insider Pro мамлакатнинг бўлажак ҳукмдори қай тарзда ҳаёт кечириши тасвирланган суратларни тўплаб тақдим этди.
Шаҳзода Муҳаммаднинг ёшлиги ҳақида кўп нарса маълум эмас. У подшоҳ Салмоннинг учинчи хотинининг тўнғич ўғли ҳисобланади ва умрининг асосий қисмини отасининг соясида ўтказган.
New York Times’нинг 2015 йилдаги мақоласида ёзилишича, унинг «кўтарилиши» кўпчилик учун кутилмаганда содир бўлган, чунки «унинг учта акаси юқори лавозимларга даъвогар ҳисобланарди».
Mеросхўр шаҳзода Ар-Риёддаги подшоҳ Сауд университетида бакалавр даражасини олган ва отасига маслаҳатчи сифатида кўмак берган.
New York Times’нинг маълум қилишича, шаҳзода Муҳаммадга сув спорти турлари, шунингдек, iPhone ва Apple’нинг бошқа маҳсулотлари ёқади. Шу билан бирга, таъкидланишича, унинг севимли мамлакати — Япония, шаҳзода «асал ойи»ни айнан шу мамлакатда ўтказган.
Тажрибаси камлигига қарамай, у доим давлат ишида ишлашни режалаштирган. Шаҳзода Муҳаммад ҳеч қачон спиртли ичимлик истеъмол қилмаган, чекмаган ва тунги кўнгилхушликларга берилмаган.
Францияда ҳордиқ чиқараётганида шаҳзода Serene яхтасини кўрган ва уни дарҳол ярим миллиард еврога сотиб олган.
Шаҳзода Муҳаммад биринчи бор янгиликларда 2015 йилнинг январида, подшоҳ Абдулланинг ўлимидан сўнг мудофаа вазири лавозимини эгаллаганида пайдо бўлган.
Ўша вақтда унинг ёши 29 да эди, ҳозирда 32 ёш бўлишига қарамай, у ҳамон энг ёш мудофаа вазири ҳисобланади.
Бундан ташқари, айнан у Форс кўргази давлатларини Қатарга қарши байкот эълон қилишда бирлашишга даъват қилган.
Шунингдек, шаҳзода Ливан бош вазири Саъд Ҳаририйнинг истеъфога чиқишида муҳим роль ўйнаган кўринади.
Шаҳзода Муҳаммад мудофаа вазири бўлибгина қолмай подшоҳликнинг Saudi Aramco давлат нефть компаниясини ҳам назорат қилади.
Яқинда у мутлақ қайта тикланувчи энергия билан таъминланадиган, қиймати 500 миллиард долларга баҳоланган «Неом» шаҳрининг қурилиши ҳақида маълум қилганди.
Mеросхўр шаҳзода ўз қўли остидагиларнинг диний қарашларига таъсир этишга ҳаракат қилиб, уларни «мўътадил ислом»га қайтишга чақирди.
Бундан ташқари, у жорий йилда аёлларнинг автомобиль ҳайдашига рухсат берувчи қонуннинг қабул қилинишида иштирок этди.
2017 йилнинг июнига қадар Муҳаммад ибн Наиф меросхўр шаҳзода ва ички ишлар вазири эди, бироқ ушбу лавозимни Муҳаммад ибн Салмон эгаллади.
«Шаҳзода Муҳаммад ёш бўлишига қарамай ўзининг ақл-у идроки билан бизни ҳайрон қолдирди», — деган эди АҚШ собиқ президенти Барак Обама.
Трампнинг президентлиги бошланганида у АҚШ раҳбари билан учрашиб, янги маъмурият билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатган.
Мудафаа вазири сифатида эса бир неча бор АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан учрашган.
Шунингдек, у Трампнинг бош маслаҳатчиси ва куёви бўлмиш Жаред Кушнер билан ҳам дўстона алоқада эканлиги маълум.
Изоҳ (0)