Дунёнинг 184 мамлакати вакили бўлган 15 мингдан ортиқ олимлар ҳалокатли экологик ўзгаришларга кенг жамоатчилик эътиборини тортишга қаратилган «Инсониятга огоҳлантириш» номли иккинчи манифестни имзолади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Биринчи мурожаат 1992 йил охирида имзоланган эди. Ўшанда ҳужжатни 1,7 мингдан ортиқ олим имзолаган бўлиб, улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор эди.
«Жаҳон олимларидан инсониятга огоҳлантириш»да улар сайёра аҳли табиат билан ихтилофга боришда давом этаётгани таъкидланган. Тадқиқотчилар озон қатламининг заифлашиши, океанлар флораси ва фаунасининг йўқ бўлиши, ўрмонларнинг йўқ қилиниши, иқлим ўзгариши каби ҳодисалар сайёрага келтираётган ва келтириши мумкин бўлган зарардан жиддий хавотирдалигини билдирган.
Биринчи манифестнинг 25 йиллиги муносабати билан иккинчи, такрорий огоҳлантиришни чиқаришга қарор қилинди. Бу сафар уни 15,3 мингдан ортиқ олим имзолади.
Изоҳ (0)