Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн ва унинг ўғли кичик Майкл Флинн Фатҳуллоҳ Гуленни АҚШдан Туркияга экстрадиция қилишга ёрдам беришлари учун 15 миллион доллар қўлга киритиши мумкин эди. Бу ҳақда The Wall Street Journal’га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Флинн ва Туркия расмийлари ўртасидаги музокаралардан хабардор бўлган нашр манбасининг маълумотларига кўра, собиқ маслаҳатчи ва унинг ўғли Гуленни Туркия ҳукуматига топширилиши учун камида 15 миллион доллар олиши керак бўлган.Шунингдек, ФҚБнинг терговидан хабардор бўлган манбаларнинг маълум қилишича, бюро ходимлари 2016 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Флиннинг турк ҳукумати вакиллари билан Манхэттендаги «21» ресторанида бўлиб ўтган учрашуви юзасидан камида тўрт кишини сўроқ қилган. Айнан ушбу учрашувда Флинн ва унинг туркиялик суҳбатдоши Гуленни топшириш масаласини муҳокама қилган. У вақтда Флинн ҳали Оқ уйда ишламас эди.
Хусусан, улар Гуленни Имрали оролидаги қамоқхонага шахсий самолётда кўчириш имконияти тўғрисида сўзлашган. Шунга қарамай, The Wall Street Journal’га ушбу учрашув ҳақида маълумот берган манбалар унда шахсан иштирок этмаган ва тафсилотлар борасида Флинн ёки унинг ёрдамчилари томонидан хабардор қилинмаган.
Бундан ташқари, нашрнинг маълумотларига кўра, айни вақтда ФҚБ ушбу терговни 2016 йилги президентлик сайловига Россиянинг аралашуви билан шуғулланаётган махсус прокурор Роберт Мюллерга топширган.
Ота-бола Флиннларнинг адвокатлари бу ҳақида бирор-бир фикр билдиришдан бош тортди.