Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки ва «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«2009–2016 йиллар давомида 69557 та намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилди, — деди ‘Қишлоқ қурилиш инвест’ бош директори ўринбосари Файзулло Исломов. — Натижада қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Бироқ, қурилиш ташкилотлари айби билан сифатсиз қурилган уйлар ҳам бор. Аҳолидан бу уйларнинг сифати борасида тушган норозиликлар ўрганилиб, камчиликларга йўл қўйган бир қатор қурилиш ташкилотлари жавобгарликка тортилди. Хусусан, 2016 йилда 17 пудрат ташкилотининг иши судга оширилган».
Мутахассисларнинг қайд этишича, сифат борасидаги муаммоларнинг олдини олиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш учун уй-жойларни қуриш билан шуғулланаётган корхоналарнинг 5 фоиз маблағи бир йилдан кейин уларнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади. Бу маблағнинг ушлаб турилишига сабаб, агар шу даврда янги уй-жойда яшаётган аҳолидан сифат борасида мурожаатлар тушса, маблағ таъмирлаш ишларига сарфланади. Бундай шикоятлар бўлмаган тақдирда йиллик муддатдан кейин қурилиш ташкилоти бу маблағни қайтариб олиши мумкин.
«Намунавий лойиҳадаги уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материаллари асосида барпо этилаётгани боис нархлар нисбатан арзон, — деди ‘Қишлоқ қурилиш инвест’ бўлим бошлиғи Ойбек Камолов. — Қурилишда қатнашаётган ишлаб чиқарувчи ва қурувчи ташкилотларнинг барчасига божхона ва солиқ борасида имтиёзлар берилгани ҳам айни муддао».
Матбуот анжуманида уй-жойлар сифатини янада яхшилаш мақсадида янги махсус комиссия ташкил этилаётгани қайд этилди.
Изоҳ (0)