Ўзбекистон Маданият вазирлигининг ташкиллаштириши билан республикада икки кун давомида «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» халқаро экофестивали, Бердақ ва Ажиниёзларнинг халқаро шеър ва мусиқа фестивали, «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтди, деб хабар беради Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
Тадбирнинг иккинчи куни Мўйноқ туманида давом этди. Тумандаги «Мадели» ОФЙ ҳудудидаги «Кўк сув» кўли бўйида «Орол балиқларидан 99 турли таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари моҳир ошпазлар томонидан тайёрланган балиқ таомларининг, миллий ҳунармандчилик, қўл меҳнати намуналарининг кўргазмалари билан танишди. Катерларда саёҳат қилиб, санъат усталарининг концерт дастурини томоша қилди.
Шу муносабат билан ўтказилган танловга Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти жамоат овқатланиш корхоналаридан 70 дан ортиқ ошпаз, касб-ҳунар коллежларида пазандалик соҳаси бўйича таълим олаётган ўқувчи ёшлар, уй бекалари ўзларининг балиқдан тайёрланган 112 турли таоми билан қатнашди.
Изоҳ (0)