Америкалик олимлар Калифорния соҳилларида юзлаб уч тишли акулалар ўлимига сабаб бўлган паразитни аниқлади. Бу ҳақда, National Geographic нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
2017 йилда мингдан ортиқ денгиз йиртқичининг «ўз жонига қасд қилиш»и қайд этилди: акулалар ўзини қирғоққа отиб, сувсизликдан ҳалок бўлди. Маҳаллий илмий фонд вакиллари ҳалок бўлган балиқлардан бир нечтасини Калифорния балиқ хўжалиги ва табиат ресурслари департаментига юборгунга қадар бу ҳолат сабаблари мавҳумлигича қолди.
Бошқарма экспертлари ҳалок бўлган акулаларнинг мияси кучли зарарланганлигини аниқлади.
«Нимадир акулаларнинг бурун тешиги орқали миясига ўтиб, уни еб қўйган, оқибатда йиртқичлар мўлжал олишни йўқотиб, ўзини қирғоққа ташлаб, ҳалок бўлган», — дейилади мақолада.
Сан-Франциско Калифорния университети олимлари балиқлар орқа мия суюқлиги намуналарини олди. Молекуляр экспертиза туфайли йиртқичлар мияси билан Miamiensis Avidus паразитлари озиқланганлигини аниқлашга эришилди.
Тадқиқотчилар фикрича, касаллик авж олишига ёмғир сероблиги сабаб бўлган. У соҳилбўйи сувлари шўрлигини камайтирган. Яшаш муҳити кимёвий таркибининг ўзгариши акулалар иммунитетини пасайтирган ва уларни паразитлар ўлжасига айлантирган.
Изоҳ (0)