Хитойлик инвесторлар Украинага Киевдаги метронинг янги йўналишини қуриш учун кредит тақдим этади. Янги йўналиш Троешчина туманини шаҳарнинг маркази билан боғлайди, деб хабар қилади «РИА Новости».
Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Хитой томони бу маблағнинг 85 фоизини ўз зиммасига олади.
Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодий ривожланиш вазири Степан Кубив музокаралар ижобий якунланганини, яқинда ишлар бошланишини хабар қилди. Унга кўра, янги, тўртинчи йўналиш 13 станциядан иборат бўлади, унинг узунлиги 18 километрни ташкил этади.
Троешчинага борадиган метро йўналишининг қурилиши ўтган асрнинг 70 йилларидан буён режалаштириб келинади, аммо маблағ етишмовчилиги боис шу пайтгача лойиҳа амалга оширилмаган.