Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 14 ноябрь куни БААга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бир кун аввал футбол сайтларида пайдо бўлган норасмий хабарни, ЎФФ матбуот хизмати 18 октябрь куни тасдиқлади.
Унда БАА билан музокара якунига етгани айтилган. Учрашув Амирликларда бўлиб ўтади. Шаҳар, стадион ва ўйин вақти кейинроқ маълум қилинади.
Бу Ўзбекистон термасининг ЖЧ—2018 саралашида муваффақиятсизликка учраганидан буён биринчи ўйини бўлади. Амирлик термасида ҳам вазият деярли шундай. Фарқи — БАА бош мураббий сифатида италиялик Альберт Дзаккеронини таништириб улгурди. ЎФФ эса термага янги бош мураббий топганича йўқ.
Бунгача фақат хорижлик мураббий Ўзбекистон термасини қабул қилиб олиши бонг урилган бўлса, 17 октябрь куни «Насаф» устози Рўзиқул Бердиевнинг вақтинчалик ишлаб туриши борасида хабарлар пайдо бўлганди. ЎФФ ҳам, Бердиев ҳам бу хабарларни тасдиқламади, шунингдек, инкор ҳам қилмади. Ҳаммаси ташкилот президенти Қатардан қайтганидан сўнг аниқ бўлиши айтилди.
Қатаргача ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов БААда бўлиб, мамлакат Футбол Ассоциацияси билан меморандум имзолаганди. Амирлик термасига қарши ўртоқлик ўйини шунинг асосида ташкил этилади. Шунингдек, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» — «Локомотив» ўртасидаги Ўзбекистон Кубогининг финал учрашувини БААдан ташриф буюрадиган ҳакамлар бошқариши айтилган.
2019 йилги Осиё Кубогига айнан БАА мезбонлик қилади. Меморандум имзоланган иккинчи мамлакат Қатар эса 2022 йилги Жаҳон Чемпионатини ўтказади.