12 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчиси бўлган Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан навбатдаги суд йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.
Бугун ҳодисанинг навбатдаги гувоҳлари, муштлашув вақтида қўшни бинода бўлган қурувчи, марҳумнинг дўсти Фирдавс ва унинг гуруҳдоши Лиза кўрсатма берди.
Аввалги йиғилишда Темур Тўхтаев ва Дилшод Абдуллаев кўрсатма берган эди. Ўшанда Дилшод дўстларидан Жасурбек унинг яқин дугонаси Габриэлга «гап отиб» юрганини эшитгач, у билан «эркакчасига» гаплашиб қўйишга қарор қилганини айтиб берган эди.
Дилшоднинг сўзларига кўра, 2 май куни дарслардан сўнг тахминан соат 15:00 да у Жасурбек билан кўришиб, унга Габриэлга «гап отмаслигини» айтган. Шундан сўнг уларнинг ёнига саломлашиш учун Исломбек келган. Ислом Дилшодга Жасурда касаллик борлигини айтиб, ўтиб кетган.
Аммо Жасурбекнинг яқин дўсти Фирдавс бугунги суд йиғилишида қарши кўрсатма берди. Унинг сўзларига кўра, Жасурбек 2 май куни Земфира исмли биринчи босқич талабаси олдига бориб, у билан гаплашишни бошлаган. Лекин қизга бу ёқмаган ва у бу ҳақда Дилшодга айтиб берган. Шундан кейин Дилшод Жасурни яккама-якка гаплашиб олиш учун чақирган. Айни ўша вақтда Ислом уларнинг ортида турган бўлган ва бу ерга оламон йиғилган. Шу пайтда барчанинг олдида Исломбек Жасур касал эканини айтиб, унинг устидан кулган.
Фирдавснинг кўрсатмаларидан кейин сўз судланувчи Исломбек Тўлагановга берилди. Судланувчи Фирдавснинг кўрсатмаларини рад этган ҳолда, Жасур ва Дилшод гаплашишаётганда у ўша ерда умуман бўлмаганини айтди.
Йиғилишда муштлашув вақтида қўшни бинода бўлган қурувчи ҳам кўрсатма берди. Қурувчи Темиров Мираброр Ҳусанович ўша куни ҳодиса содир бўлган ҳудудга яқин бўлган МХХ биносида ишлаётган бўлган.
Унинг сўзларига кўра, у айни ўша пайтда бино деворларини бўяётган бўлган. У ҳодиса жойига келган 5–6 нафар кишиларни кўрган.
Қурувчи иккита ёш киши муштлашишни бошлаганини кўрган. Икки киши муштлашиб ерга йиқилган, бошқалар эса муштлашувга қўшилмаган.
Кейин эса у 3–4 дақиқага ўз ишларига чалғиган ва Жасурнинг бурнидан қон кетаётганини кўрган, ўша ерда бўлган бошқа кишилар Жасурга сув олиб келиб берган ва улар ҳаммаси йўл тарафга қараб кетган.
Изоҳ (0)