Россиянинг Воронеж вилоятида истиқомат қилувчи жуфтлик 30 минг рублга янги туғилган қизини сотиб юборишга уринган пайтда ушланди. Бу ҳақда, мамлакат тергов қўмитасига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Хабарномага кўра, жиноятни содир этган жуфтлик Ўзбекистон фуқароларидир.
Терговчиларнинг аниқлашича, шу йилнинг 8 сентябрь куни 29 ёшли аёл қиз фарзанд кўрган, аммо бу фактни тегишли идораларда рўйхатдан ўтказмаган.
10 октябрь куни вилоятнинг Коминтерн туманида аёл ва унинг фуқаролик никоҳидаги турмуш ўртоғи қизини номаълум шахсларга 30 минг рублга сотишга уринган.
Таъкидланишича, жиноят бошидан полиция назорати остида ўтган. Барча иштирокчилар қўлга олинган.
«Воронежда истиқомат қилган Ўзбекистон фуқаролари, 39 ёшли эркак ва 29 ёшли аёлга нисбатан жиноят кодексининг 30-моддаси 3-банди, 127.1-модда ‘б’, ‘з’ бандларида назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноий иш очилди», — дейилади хабарномада.
Изоҳ (0)