Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Фармонга келтирилган шарҳаларда айтилишича, соҳада қатор камчиликлар бор. Жумладан, бундан беш йил олдин ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш юзасидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади. Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган.
Фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб берилди:
биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш. Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги масъулиятини ошириш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади;
иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш. Ушбу йўналишда мутасадди ташкилотлар аниқ мақсадга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни амалга оширади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан ерлардан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилади;
учинчидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш. Фармонда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига, тегишли вазирлик ва идораларга қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизмини яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилади;
тўртинчидан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш. Мазкур йўналишда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади, фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади;
бешинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этиш. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ерларини суғориш учун доимий равишда етарли миқдорлардаги сув билан таъминлаш, агрофирмалар, тайёрлов ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар қабул қилинади;
олтинчидан, «Томорқа – қўшимча даромад манбаи!» шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига сингдириш. Хусусан, оммавий ахборот воситаларида туркум телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар ва босма матбуотда чиқишлар, деҳқончилик маданиятини юксалтиришга қаратилган конференциялар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этилади. Жойларда эса кенг тушунтириш ишлари олиб борилади;
еттинчидан, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларининг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш. Фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш юзасидан бир қатор амалий чоралар кўрилади, шу жумладан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган таълим муассасалари қошида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Изоҳ (0)