ЎФФ болалар футболини ривожлантириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси билан келишган ҳолда қарор қабул қилди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар футболини янада ривожлантиришдан иборат. Унга кўра, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, академиялари ва олимпия захиралари коллежларининг футбол бўлимларида тарбиявий ва ўқув машғулотларининг сифати яхшиланади. Профессионал ҳамда терма жамоаларга иқтидорли захира футболчиларини тайёрлаш бирламчи ўринга чиқади. Ёш футболчиларни саралашда холислик ва шаффофлик тамойилларига таянилади.
Бунда икки ташкилот болалар футболидаги аҳволни ўрганиш учун алоҳида комиссия тузади. Комиссия 1 ой давомида бутун Ўзбекистондаги барча футбол мактабларини ўрганиб чиқади ва 2018—2023 йиллар учун дастар ишлаб чиқади. Шунингдек, футбол мактабларига қабул имтихонлари вақтида ЎФФ ва Спорт Қўмитаси вакиллари бевосита иштирок этади. Бу ўз навбатида шаффофликка қўйилган қадам бўлади.
ЎФФ мутахассислари мураббийларни тайёрлаш, ўқитиш, ишга жойлаш ва олишда ҳам иштирок этади. Шунингдек, янги спорт иншоотларининг қурилишида ҳам қатнашади ва амалий маслаҳатларини беради.
Эндиликда Ўзбекистондаги барча футболчилар ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган ягона электрон база яратилади. Катта футболга қадам қўйиш арафасида турган болалардан тортиб, катта футболчиларга қадар бу базадан жой олади.
Юқоридагиларнинг ижросини назорат қилиш Спорт Қўмитаси раисининг ўринбосари Ф. Турдиев ва ЎФФ вице-президенти Ш. Исроилов зиммасига юклатилган. Қарорнинг тўлиқ матнини келтирилган ҳаволадан ўқиш мумкин.
Изоҳ (0)