5 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилди, дейилади идора сайтида эълон қилинган хабарномада.
Муфтий делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, мамлакатда фаолият юритаётган 2042 масжид, тўққизта ўрта-махсус ислом билим юрти, иккита олий ўқув юрти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Суҳбат давомида Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ҳамда билдирган таклифлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Самимий руҳда кечган учрашув якунида БМТнинг махсус вакили Аҳмад Шаҳид Ўзбекистондаги турли дин вакиллари ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмаслигини эътироф этди.
Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғалари тақдим этилди. Ўз навбатида, Аҳмад Шаҳид муфтий ҳазратларига қабул учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Изоҳ (0)