Tesla Inc жорий йилнинг учинчи чорагида кенг оммага мўлжалланган Model 3 электромобилини ишлаб чиқариш режасини бажара олмади: компания режалаштирилган 1,5 минг автомобиль ўрнига 260 дона чиқара олди, деб хабар беради «Интерфакс».
«Model 3 ишлаб чиқариш ҳажмлари кутилганидан паст бўлишига сабаб ишлаб чиқариш жойлари торлигидир, — дейилади Tesla хабарномасида. — Калифорниядаги завод ва Неваданинг Gigafactory корхонасидаги ишлаб чиқариш тизимларининг кўпчилиги юқорироқ юклама билан ишлай олишига қарамасдан, уларнинг айримларини истеъмолга киритиш кутилганидан чўзилиб кетди».
Июль–сентябрь ойларида мижозларга 220 янги седан топширилди. Бунда компания компонентлар ёки логистика билан муаммолар йўқлигини билдириб ўтди.
Model 3 лойиҳаси июль ойида ишга туширилган эди. Конвейердан чиққан биринчи автомобилнинг эгаси Tesla раҳбари Илон Маск бўлган эди. Августда компания бундай автомобиллардан юзта, сентябрда 1,5 мингга яқин чиқаришни режалаштирган эди. Режага мувофиқ, йил охирига қадар ҳафталик ишлаб чиқариш ҳажми 5 мингта машинани ташкил этиши лозим эди.
Изоҳ (0)