Сурхондарёда «Термиз Карго» экспорт марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилинди.
Тадбир Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва саноат, ҳамкорлик, иқтисодий масалалар бўйича масъул раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, «Термиз Карго» экспорт марказининг ташкил этилиши икки давлатнинг савдо-саноат соҳаси ишбилармонлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплигини, ушбу марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши икки томон учун ҳам бирдек манфаатли эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кўргазмада 80 дан ортиқ корхонанинг 300 дан ортиқ маҳсулотлари намойиш этилди. Кўргазма доирасида республикада ишлаб чиқарилаётган буғдой, дуккакли маҳсулотлар, хўжалик моллари, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотларни Афғонистонга экспорт қилиш бўйича 35,8 миллион доллар қийматидаги шартномалар имзоланди. Хусусан, Сурхондарёда фаолият юритаётган «Сурхон Термиз Чинни» корхонаси чинни маҳсулотлари, «Хўжайкон туз» АЖ қадоқланган туз маҳсулотлари етказиб бериш бўйича, шунингдек, вилоятда етиштирилаётган 4,5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан келишувга эришилди. Бундан ташқари, афғонистонлик ишбилармонлар вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари (ДСП, бўёқ, сендвич панеллари), мебел жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам катта қизиқиш билдириб, ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
Изоҳ (0)