«Туркистон» саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир иштирокчилари дастлаб 29 сентябрь куни пойтахтдаги Мустақиллик майдонида бўлиб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шу куни «Туркистон» саройида умумхалқ байрамига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг педагоглари, спорт мураббийлари иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлигининг «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» кўрик-танловлари ғолиблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларининг фаол педагоглари диплом ва совринлар билан тақдирланди.
Йиғилишда сўзга чиққан Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси Раъно Фозилова, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов мамлакатимизда ёшлар камолотига кўрсатилаётган бетимсол ғамхўрликлар, ўқитувчилик касбини улуғлаш борасидаги амалий эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. «Ёшлик» журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган шеърини ўқиб берди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Н. Йўлдошев, Қонунчилик палатаси спикери Н. Исмоилов, бош вазир А. Арипов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси А. Юнусходжаев иштирок этди.
Изоҳ (0)