13 октябрь куни Польша пойтахтида 33 марта Варшава кинофестивали очилади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Фестиваль дастурига турли мамлакатлардан 200 га яқин картина киритилган. Асосий танловда 15 фильм тақдим этилади. Улар қаторида ўзбекистонлик режиссёр Юсуп Розиқовнинг «Турк эгари» фильми ҳам бор.
КГБ, кейинчалик ФСБнинг нафақадаги ходими, ўзини ёлғиз ҳис эта бошлаганидан сўнг кўникмаларини ишга солган ҳолда тасодифий ўткинчиларни кузата бошлайдиган собиқ агент ҳақидаги фильм саралаш комиссиясининг эътиборини тортди. Қаҳрамон бу одатидан ҳеч қутула олмайди. Вақти келиб у хасталаниб қолганини тушунади, айни шу паллада кўчиб келган янги қўшнилар вазият ўзгаришига кўмак беради.
Юсуп Розиқов 1957 йили Тошкентда туғилган. Узоқ йиллар «Ўзбекфильм» студиясида ишлаган. Унинг «Турк эгари» фильми танловда Россия номидан иштирок этади.
Изоҳ (0)