«Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти буюртмаси асосида барпо этилаётган ва умумий қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларга тенг Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ва давлат бюджети томонидан молиялаштирилмоқда. Мазкур объектда ўтган давр мобайнида асосий қурилиш-монтаж ишларига тайёргарлик доирасида салмоқли ишлар қилинди, деб ёзади ЎзА.
«Станция қурилиши 2013 йилда бошланган. Ҳозиргача объектга элтадиган йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этилди, дирексия маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 кубометр бетон ишлаб чиқариш қувватига эга завод ва бошқа ёрдамчи хўжалик иншоотлари қуриб битказилди. Айни пайтда келгусида станцияда ишлайдиган 750 нафар ишчи-хизматчи учун турар жой бинолари қуриш, ичимлик суви тармоғини тортиш, буғ-газ қурилмаси, диспетчерлик пункти, марказий ва бошқа омборхоналар барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Режадаги 2 миллион 513 минг кубометрдан зиёд ер ишларидан 1 миллион 925 минг кубометри бажариб бўлинди», — дейди «Тўрақўрғон иссиқлик станцияси қурилиши» унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Н.Насибалиев.
Иссиқлик электр станцияси учун ажратилган 90 гектардан зиёд ер улкан қурилиш майдонини эслатади. Бу ерда 370 дан зиёд ишчи-хизматчи, жумладан, 42 нафар хорижлик мутахассис меҳнат қилмоқда. 80 дан ортиқ махсус техника воситаси жалб қилинган. Объектда жорий йил якунига қадар 100 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши режалаштирилган.
Энергоблоклар қурилиши Япониянинг Mitsubishi cорпоратион ва Mitsubishi ҳитачи поwер сйстем компаниялар консорциуми бош пудратчилигида бажарилади. Лойиҳада Туркиянинг Cалик энерги компанияси ҳам бош ёрдамчи пудратчи сифатида ҳамкорлик қилмоқда. Қурилиш ишлари сифати эса буюртмачи ва унинг консултанти – Япониянинг TEPSKO компанияси томонидан назорат қилиб борилади.
1-энергоблоки 2019 йилнинг декабрида, 2-энергоблоки ва иссиқлик электростанциясининг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йил март ойига мўлжалланган мазкур лойиҳа нафақат Фарғона водийсини электр энергияси билан таъминлаш имконини беради, балки мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳ (0)