Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб ватандошлар Ўзбекистонда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишлаб кўргазма очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга дипломатик корпус вакиллари, санъатшунослар, рассомлар ва ОАВ ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. Нуриддинов, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Чон Се Гюн, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Искра Шин ва бошқалар тадбирда чиқиш қилди.
Korean Festival–2017 доирасида ташкил этилган ушбу кўргазма Ўзбекистонда яшаб келаётган корейс миллатига мансуб ватандошлар — таниқли рассомлар Николай Шин, Николай Пак, Анатолий Лигай, Александр Ли, Искра Шин, Лана Лим, Елена Ли, Владимир Ким, Татьяна Ли, Светлана Шин, Светлана Цой ижодига бағишланган.
Кўргазмада муаллифларнинг рангтасвир, графика йўналишларидаги бир юз элликка яқин асари томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.
Изоҳ (0)