Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 26 сентябрь куни Қозоғистон парламенти сенати раиси Қосим-Жўмарт Тоқаев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Сенат раиси Н. Йўлдошев билан учрашувда ўзаро ишонч, манфаатдорлик ва очиқ мулоқотга асосланган Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари натижасида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Учрашувда томонлар парламентлараро алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Қонунчилик палатаси спикери Н. Исмоилов билан суҳбатда 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча тармоқларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Тадбирда меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Парламентлараро ҳамкорликка доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Қозоғистон парламенти делегацияси Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди, пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Изоҳ (0)