25 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Тошкентда Ўзбекистон – Татаристон бизнес-форуми доирасида савдо, соғлиқни сақлаш, туризм ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳужжатлар имзоланди, деб хабар беради «Газета.uz».
Форумда иштирок этиш учун Ўзбекистон пойтахтига Татаристоннинг элликка яқин иқтисодий корхоналари вакиллари ташриф буюрди. Республика делегациясига Татаристон президенти Рустам Миннихонов бошчилик қилди.
Меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов Татаристон билан товар айланмасини 2–3 баробарга ошириш режалари ҳақида гапирди.
Шунингдек, у Татаристон Ўзбекистондаги электр ва гидроэнергетика объектлари қурилиши ҳамда модернизациясида иштирок этишни режалаштирганини билдириб ўтди.
Форум доирасида томонлар имзолаган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон ва Татаристон соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида симуляцион ўқув маркази ҳамда Ўзбекистон – Татаристон симулятор роботларини яратиш лойиҳаси бор.
Шунингдек, икки мамлакат туристик идоралари ҳам келишув имзолади. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Татаристон ахбротлаштириш ва алоқа вазирлиги билан ҳамкорлик ва англашув меморандумини имзолади. «Ўзфармсаноат» компанияси Серго номли завод билан мақсадлар меморандумини тасдиқлади.
Изоҳ (0)