19 сентябрь куни Мексикада шиддатли зилзила рўй бергани илгари маълум қилинган эди. Табиий офат оқибатида пойтахт Мехикодаги бир бошланғич мактаб биноси вайрон бўлди. Кутилмаганда бошланган силкиниш туфайли ўқитувчилар болаларни ташқарига чиқаришга улгурмади. Бир суткадан кўпроқ вақт мобайнида бутун мамлакат вайроналар остидан Фрида София исмли 12 ёшли қизчанинг чиқариб олиниши кузатди. Аммо охирида бундай қиз мавжуд эмаслиги аниқланди, деб хабар беради Meduza.
Зилзиланинг эртасига маҳаллий матбуот Фрида Софиянинг тарихини ёрита бошлади. Қизча гўёки вайроналар остида тирик қолган эди. 20 сентябрь эрталабки соат 9:00 да қизча қутқарувчиларга қандайдир ишора бергани, тепловизор эса вайроналар остида тирик жон борлигини кўрсатгани маълум қилинди.
12 ёшли Фрида вайроналарни йиғиштириш билан шуғулланаётган қутқарувчилар ва кўнгиллилар учун чинакам умид рамзига айланди. Негаки бу ерда 21 нафар бола ва тўрт ёши катта одам ҳалок бўлиб улгурган эди. Фрида воқеаси тезда янги тафсилотлар билан бойиб, матбуот орқали ёритилишда давом этди. Жумладан, El Universal газетаси Фрида инглиз тили синфида парта остига бекиниб олишга улгургани учун тирик қолгани ҳақида ёзиб чиқди. Шунингдек, қутқарувчилар узоқ вақт Фридага ета олмагани хабар қилинди: гўёки улар қиз айнан қаерда эканлигини аниқлай олмаган, сўнг тор тирқишдан кира олмаган.
Нашрга кўра, қидирув операцияси чоғида қутқарувчилар ҳатто қизча билан гаплашган. Суҳбат қуйидаги кўринишда ўтган:
«Азизам, сенга яқинлашяпмиз, тинчлик сақла, умидни сўндирма, ҳаммаси яхши. Ёнингда яна кимдир борми?»
«Ичгим келяпти, лекин ҳаммаси жойида. Кечикманг».
Қиз гўёки ўз исмини айтган ва қимирлай олмаслигини тушунтирган.
Аммо тез орада ҳақиқат маълум бўлди. Қутқарувчилар қизнинг танишлари ва ота-онасини чақиришга уринганида, ҳеч ким жавоб қайтармади. Маориф вазири Аурелио Нуньо кейинроқ бу фактни тан олди ва дастлаб қизнинг исм-фамилияси нотўғри келтирилганини тахмин қилди. Аммо мактабда бирортаям Фрида исмли қиз йўқлигини, барча Софиялар эса шифохонада эканлиги аниқланди.
32 соатлик қутқарув операциясидан сўнг Фрида чиқариб олингани маълум қилинди, аммо у ҳеч қаерда кўрсатилмади. 21 сентябрь куни кечки соатларда ҳарбий-денгиз флоти бошлиғи ўринбосари Энрике Сармьенто Бельтран Фрида исмли қиз йўқлигини тан олди ва кечирим сўради. Идоранинг расмий вакили Хосе Луис Вергара эса 12 ёшли қизча ҳақидаги хабар қасддан тарқатилмаганини билдириб ўтди.
Амалдорларнинг бу эътирофлари ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ғазабга келтирди. Бу ҳолат ҳозиргача қизғин баҳсларга ва кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.
Изоҳ (0)