Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев бошчилигидаги Россия делегацияси 21 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабри жойлашган Ҳазрати Хизр мажмуасини зиёрат қилди ва унинг қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.
Мажмуа билан танишув чоғида делегация аъзоларига ушбу объектнинг бунёд этилиши ҳақида сўзлаб берилди.
Патрушев Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси сифатида унинг тараққиёти, халқаро майдонда ўз муносиб ўрнини топиши учун жуда катта ишларни амалга оширганини таъкидлади. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида тинчлик-осойишталикни сақлаш, миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида қатор ташаббусларни илгари суриб, уларнинг амалга оширилишига беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Хўжа Дониёр мақбараси, Регистон ансамблини томоша қилди. Ушбу мажмуалар билан танишув чоғида мамлакатда тарихий-маданий объектларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Делегация аъзолари Самарқанддаги бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан танишди.
Изоҳ (0)