Ўн йил давомида бозор ва инвесторларнинг кўпчилик иштирокчилари эътиборини ўзига жалб этувчи Уоррен Баффет гарови ўз ечимини топишига кам қолди. Бу гаров кўплаб саволларни юзага келтиради ва уларнинг жавоблари кўпчилик учун қизиқарли, деб ёзади Forbes.
Бу гаров Уоррен Баффетга нима учун керак бўлди? Нима сабабдан у ўзининг ғалабасига бу қадар ишончи комил эди? Нега хедж-фондлар саноати мутахассислари томонидан танланган бешта фаол бошқарилувчи хедж-фонддан иборат портфел тўққиз йил ичида Уоррен Баффет томонидан танланган битта индекс фондига қараганда тўрт марта кам даромадлилик кўрсатди?
Миллионлик машҳур гаров тарихи
2007 йилнинг бошида Уоррен Баффет ҳеч бир профессионал ўн йил ичида у танлаган S&P 500 индексли фондни барча комиссия ва йиғимларни ҳисобга олганда даромадлилик бўйича ортда қолдирадиган ҳеч бўлмаганда бешта хедж-фондлар фондидан иборат портфел туза олмаслиги борасида 500 000 долларга гаров ўйнашга тайёр эканлиги ҳақида оммавий эълон қилди. У ўз фондини ушбу гаровга қўшиш таклифи билан чиқишга тайёр хедж-фондлар фондлари бошқарувчиларидан иборат узун навбат ҳосил бўлишини кутган эди. Бироқ вақт ўтиши билан истовчилар топилмади. Бошқарувчилар ўз фондлар фондига юқори даромадни ваъда қилиб минглаб инвестор ва миллиардлаб долларни жалб этар, бироқ барчага ўз устамонлигини исботлаш учун пулларини бу гаровга тикишга шошилмасди.
Чақириқни фақат активлар бошқарувчиси Тед Сейдс тимсолида Prоtégé Partners инвестицион компанияси қабул қилди. Prоtégé Partners вакиллари гаровда қатнашиши учун бешта фондлар фондини танлади, уларнинг портфелида жами 100 га яқин хедж-фонд тақдим этилган. Бироқ Prоtégé Partners ушбу фондлар номларини оммага ошкор этмаслик шартини қўйди. Гаров учун 2008 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг 31 декабригача бўлган 10 йиллик муддат белгиланди. 2016 йил якунларига кўра, гаровнинг оралиқ натижаларини Уоррен Баффет Berkshire Hathaway компанияси акциядорларига ёзган мактубида келтиради.
Бундан кўриниб турибдики, бешта фонд фондлари портфелига ўз маблағларини киритган инвесторлар тўққиз йил ичида дейлик 2008 йилнинг январида АҚШнинг ўн йиллик давлат облигацияларини сақлаб турганга қараганда икки марта камроқ даромад қилган. Бироқ фондлар фонди ва хедж-фондлар бошқарувчилари яхши даромад қилган, брокер ва биржа эса ушбу давр ичида ўз комиссиясини ишлаган.
Уоррен Баффет бу гаров билан хедж-фондлар саноатида комиссион тўловлар жуда юқори эканлиги, хедж-фондлар фондлари эса тўғридан-тўғри хедж-фондларга инвестиция киритиш имконига эга бўлмаган оддий инвесторлар манфаати учун эмас, кўпроқ бошқарувчи жамоа манфаати учун ишлашини кўрсатмоқчи эди. Гап шундаки, АҚШда фақат аккредициядан ўтган ва бир йўла 1 миллион доллардан ортиқ инвестиция кирита оладиган ёки 200 минг доллар йиллик даромадга эга инвесторлар хедж-фондларга тўғридан-тўғри инвестиция киритиши мумкин. Шартлар оддий, бироқ аксарият америкаликлар учун имконсиз. Ана шундай малакасиз инвесторлар учун ҳар бирининг портфелида кўплаб хедж-фондлар бўлган фондлар фонди ўйлаб топилган. Фақат ҳар бир босқичда ўз комиссиялари бор ва улар кичкина эмас.
Юқори комиссиялар энг даромадли савдо стратегиясини ҳам ўлдириши мумкин
Охирги ўн йилликда хедж-фондлар саноатида бошқарув комиссияси миқдорига нисбатан маълум бир меъёр шаклланган: бу бошқарув остидаги маблағлар ҳажмидан йиллик 2 фоиз ва даромад бўлганда унинг 20 фоизи. Бироқ инвестор фондлар фонди билан ишлаганда у бошқарув учун икки марта комиссия тўлайди. Бу дастлаб хедж-фондлар босқичида, иккинчи марта эса фондлар фонди босқичида юз беради. Шунинг учун Уоррен Баффет юқори икки босқичли комиссиялар, йиғимлар ва бошқа харажатлар даромаднинг катта қисмини еб юборишига ишончи комил эди.
Инвестиция учун синчковлик билан актив танлаш
Уоррен Баффет ўн йил муддатли гарови учун Vanguard 500 Indех Fund’ни танлади. Бу индекс фонди портфели S&P 500 индексини аниқ кузатиб боради. У эса АҚШнинг энг йирик 500 компанияси акцияларини ўз ичига олади. S&P 500 индекс фонди Standard & Pооr’s агентлиги текин босқарувчи 500 компаниядан иборат портфелдир. Vanguard 500 Indех Fund бошқарув тўлови жуда паст ва ҳозирги пайтда йиллик 0,04 фоизни ташкил этади.
Нега Уоррен Баффетнинг S&P 500 индексли фонд ўн йил ичида жиддий ўсишига ишончи комил эди? Бунга бир нечта жавоблар бор. Иқтисодиёт ўсаяпти. Пуллар чоп этилаяпти. Йирик компаниялар янада йириклашмоқда. Янги технологиялар эскилари ўрнини эгалламоқда.
Миллионларни бошқариш миллиардларни бошқаришга қараганда осонроқ
Бу жумлани Уоррен Баффет 1966 йилнинг январида ўз шерикларига ёзган эди. У мактубда уларни ҳажмнинг ошиши билан даромадлилик пасайиши эҳтимоли юқори эканлигидан огоҳлантирган. Ўшанда унинг қўл остида 44 миллион доллар бўлган, ёши эса аллақачон 45 да эди. Ушбу иборанинг ҳақиқат эканлигини Баффет 2016 йил якунлари бўйича акциядорларига мактубида тасдиқлади. Бу вақтга келиб Berkshire Hathaway капитализацияси 400 миллиард доллардан ошган эди. Ғаройиб, бироқ Уоррен Баффет бойлигининг 99 фоизини 50 ёшга тўлгандан сўнг ишлаб топганлиги факт.
Бир неча ўн миллион долларлик капитални бошқара туриб бошқарувчи бозорнинг турли воситаларидан топиш мумкин бўлган қонуният ва самарасизликлардан фаол фойдаланиши мумкин.
Ўзгарувчанлик ва хавф — айнан бир нарса эмас
Уоррен Баффет 2014 йил якунлари бўйича акциядорларига мактубда шундай ёзади: «Ўзгарувчанлик хавф сўзининг синоними эмас. Бу икки тушунчани бирхиллаштирувчи машҳур формулалар талабалар, инвесторлар ва раҳбарларни чалғитади». Буни тушуниш Уоррен Баффетга хедж-фондлар олдида катта устунлик беради. У бундан Berkshire Hathaway доирасидаги ишларида ҳам, гаров учун актив танлашда ҳам фойдаланади. Уоррен Баффет S&P 500 индексини қайси кучлар юқорига кўтаришини яхши тушунади, асосийси буни кутишга тайёр. Қолаверса, Berkshire Hathaway пулларни олиб келиш ва олиб кетиш мумкин бўлган фонд эмас. Бу Уоррен Баффетга ўзгарувчанлик билан чалғимаслик ва хотиржамлик билан ўз ишини қилиш имконини беради.
Хедж-фондларда эса вазият бутунлай бошқача. Инвесторлар хедж-фондлар ишини даромад/зарар жадвалига қараб ва бошқарувчилари нуфузига қараб қабул қилади. Улар аслида нима юз бераётганлигини тушунмайди. Шунинг учун исталган жиддий йўқотишда мижозлар маблағларини қайтариб олиш учун югуради.
Хулоса ўрнида
Уоррен Баффет ўз натижалари, ўз чиқишлари ва ҳатто шу гаров билан мунтазам равишда бозор профессионалларини инвестор манфаатлари биринчи ўринда туриши лозимлигига ишонтиради. Инвесторлар яхши даромад олган тақдирдагина фонд бозори барқарор ривожланади. Бу гаровга фаол бошқарилувчи фондларга ўз комиссияларини мақбул даражагача камайтириш, ўз инвесторлари учун тўғри ва шаффоф бўлиш, асосийси ваъда қилинган даромадлиликни реал натижалар билан тасдиқлашга даъват сифатида қараш мумкин.
Гаров шартларига кўра, ҳар бир томон ютуқ бериладиган хайрия ташкилотини танлаган. 2018 йилнинг бошида Уоррен Баффет танлаган Girls Incorporated of Omaha 1 миллион долларлик чекни олишига шубҳа йўқ.
Изоҳ (0)