Шу кунларда супер шов-шув эканлигига қарамасдан, бошқа янгиликлар соясида қолган ҳодиса юз берди. Гап муҳим кашфиёт ҳақида бормоқда, у туфайли биз — homo sapiens вакиллари бир лаҳзада 2 миллион йилга улғайдик! Ўрта Ер денгизи оролларидан биридаги ноёб топилмани тадқиқ қилган олимлар айнан шундай хулосани эълон қилди. Ушбу талқинга кўра, бизга айнан ўхшашлар ерда 5 ярим миллион йил илгари истиқомат қилган, деб ёзади «MK.ru».
2002 йилда польшалик палеонтолог Герард Герлинский ўзининг навбатдаги таътилини Критда ўтказишга қарор қилди. Ушбу оролнинг ғарбидаги Кисамос шаҳри яқинида жойлашган Трахилос қишлоғи ён-атрофини айлана туриб олим плато тош қопламасидаги ғалати чуқурликларга эътибор қаратди. Уларни диққат билан кўздан кечирган Герлинский улар кимнингдир тош қотган оёқ излари деган хулосага келди. Топилма польшаликни қизиқтириб қўйди, бироқ у бу жойларга фақат саккиз йилдан сўнггина қайтиб кела олди — бу сафар Упсала университетида ишловчи ҳамкасби Гжегош Недзведзкий билан бирга. Тошга айланган юзада сақланиб қолган изларни батафсил ўрганган олимлар улар қандайдир қадимий гоминид — одамлар, шимпанзе ва гориллалар мансуб оила вакиллари томонидан қолдирилган деган хулосага келди. Ҳатто ушбу «автографлар» қолдирилган вақтни аниқлашга эришилди: тахминан 5,6 миллион йил аввал.
Польшалик олимлар ўз кашфиётлари ҳақида оммага бир неча йилдан сўнг — 2017 йилнинг август ойи охирида Proceedings of the Geologists’ Association илмий журналида маълум қилди.
«Крит» изларининг аҳамияти ҳақида палеоантрополог тадқиқотчи Александр Белов шарҳ беради.
— Герард Герлинский топилмаси маълум бўлишига қадар бу борадаги рекорд Лаэтоли (Танзания) вулқон кулида тошга айланган тик юрувчи австралопитекка тегишли инсон изларига мансуб эди. Олимларнинг баҳолашича, уларнинг ёши 3,66 миллион йилга тенг. Бироқ мазкур мақолада гап улардан икки миллион йилга улуғ инсон излари ҳақида бормоқда.
— Бу излар тарихдан илгариги маймуннинг эмас, айнан одам излари эканлигининг қандай далиллари мавжуд?
— Излар суратлари ва журналда тақдим этилган реконструкцияларда тошга айланган тупроқдаги излар бошқа кимдир томонидан эмас, одам томонидан қолдирилганлиги яхши кўриниб турибди. Товон узайган — айнан «одамларга хос». Асосийси, оёқ кафтидаги барча бармоқлар бир қаторда жойлашган. Яъни бош бармоқ замонавий homo sapiens оёғи катта бармоғига ўхшаш шаклга эга. Бундан ташқари, бу суратларга қараганда оёқ изидаги бешта бармоқнинг барчасини метатарзал боғлама бирлаштириб турганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Айнан у катта бармоқнинг бир томонга чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Маймунларда бундай боғлама йўқ — уларда яссиоёқлик мавжуд.
Бу ҳодиса ҳар қандай талқин қилинганда ҳам шов-шувга айланиши мумкин эди. Бироқ бундай бўлмади!
— Нега?
— Палеоантропологлар зиммасида тадрижий назария юки ётади. Унда асосий роль антропогенез — маймунларнинг аста-секин одамга айланишига қаратилган. «Крит» топилмаси эса бу назарияга ошкора зид. Трахилос қишлоғидаги изларнинг топилиши ва бу ҳақдаги маълумотнинг ошкор этилиши ўртасидаги узоқ танаффусни айнан шу булан изоҳлаш мумкин: польшалик олимлар ўз карьерасини барбод қилишдан чўчиган кўринади.
Ҳақиқатан ҳам, Ерда ёши 5,6 миллион йилни ташкил этувчи инсон изларининг топилиши эволюционизм тарафдорларининг бунгача билдирилган барча қарашлари остига кучли «мина» қўяди.
Герард Герлинский ва Гжегош Недзведзкий ўз мақоласида улар томонидан Критда аниқланган, тик юрувчи одам томонидан қолдирилган излар, шунингдек, узоқ аждодимиз қадамлари биомеханикасини батафсил таҳлил қилади.
Шу тариқа, гап ҳақиқатда муҳим илмий кашфиёт ҳақида бормоқда. У бизнинг инсоният тарихи ҳақидаги тасаввурларимизни тубдан ўзгартириб юборишга қодир. Крит оролидаги топилма инсон аслида Катта Фазодан келган ниҳоятда қадимий мавжудот эканлигининг ишончли далили ҳисобланади.
— У ҳолда сайёрадаги мавжудлик даври бўйича анча «ёш» неандерталлар кимлар?
— Улар шунчаки ортга қараб ривожланган «омадсизлар». Уларда эволюция ўрнига табиий ортга қайтиш юз берган.
Изоҳ (0)