Президент Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни «Республика бан тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғриси»даги қарорни имзолади. Бу ҳақда Uz24 хабар бермоқда.
Ҳужжат банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, банк таҳдидларини халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш, тижорат банклари фаолиятини назорат қилишнинг замонавий принцип ва механизмларини жорий этишни назарда тутади.
2017 йилнинг 1 октябридан янги ташкил этилган тижорат банклари учун минимал устав капитали 100 миллиард сўм, микрокредит ташкилотлари учун 2 миллиард сўм, ломбардлар учун 500 миллион сўм миқдорида белгиланди.
Қолган тижорат банклари ва микрокредит ташкилотлари, шунингдек, ломбардларга 2019 йил 1 январига қадар ўз устав капиталларини белгиланган талабларга етказиш топширилди.
NBU ва «Асака банк»нинг муқаддам чет эл валютасида шакллантирилган устав капиталлари сўмга ўтказилади.
Тижорат банклари уларга хос бўлмаган айрим функциялардан озод этилди. Жумладан, улар
1) хўжалик субъектларининг муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарздорлиги шаклланишини;
2) хўжалик субъектлари томонидан банк кассаларидан олинган пулларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишдан озод қилинди.
Марказий банкка қуйидагилар топширилди:
– тижорат банклари фаолиятига умумеътироф этилган замонавий норма, стандарт ва баҳолаш кўрсаткичларини жорий этиш;
– банк таҳдидларини бошқариш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, тижорат банкларида таҳдид менежментини банк назорати бўйича Базел қўмитаси тавсияларини инобатга олиб, халқаро молиявий институтлар экспертларини маслаҳатлашувларга жалб қилган ҳолда ривожлантириш;
– аҳолининг банк-молия хизматлари соҳасидаги молиявий саводхонлигини ва ҳимоя даражасини ошириш;
– аҳолининг мамлакат банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, банк хизматлари кўрсатилиши маданиятини ошириш.
Изоҳ (0)