Трамп қандай қилиб Манхэттендаги Plaza меҳмонхонаси устидан назоратни сақлаб қолишга муваффақ бўлганлиги ҳақидаги мақола 1991 йилнинг 8 июлида Американинг Forbes журналида чоп этилган эди.
Июнь ойи ўрталарида Трамп ўз банкирлари билан янги битим ҳақида эълон қилди. У Трампга ўз империясининг асосий жавоҳири — Манхэттендаги Plaza меҳмонхонасининг эгаси бўлиб қолиш имконини беради. Бироқ Трамп меҳмонхона охирги икки йил ичида 100 миллион доллар йўқотгани ва ҳозирги пайтда 430 миллион доллардан ортиқ кредит бўйича қарзларини тўлиқ тўламаётганлиги ҳақида ҳеч нарса маълум қилмади.
Шу тариқа Plaza меҳмонхонаси «тўлиғича» Трампга тегишли. Бироз вақт аввал Forbes Kenneth Leventhal & Co. аудиторлари томонидан тасдиқланган 1990 йил 31 декабрь молиявий ҳисоботини қўлга киритди. Аудитор кескин фикр билдиради: «Компания ҳаракатдаги корхона бўлиб қолиши борасида асосланган шубҳамиз бор». Аудиторларнинг таъкидлашича, бу вазият юмшоқ қилиб айтганда шундай.
Трампнинг тасдиқланган молиявий ҳисоботлари у меҳмонхонани кредиторларнинг марҳамати туфайли бошқаришда давом этаётганлигидан гувоҳлик беради; ўтган йилги даромад 20 миллион долларга яқин фоизлар бўйича чиқимларни қоплашга етмайди. Банклар 7 миллион долларга тенг фоиз тўловлари муддатини кечиктирган.
Нега Plaza бундай қийинчиликларга дуч келмоқда? Ахир меҳмонхона ҳамон аввалгидек машҳур-ку. Ўтган йили ижобий пул оқими фоиз чиқимлари қоплангунга қадар 21 миллион долларни ташкил этди. Корхона анча яхши ишламоқда. Шунчаки Трамп жуда кўп харид қилган, хизматга тайёр банкирлар эса унга жуда кўп пул қарзга берган. Жорий йилда меҳмонхона қарз ботқоғидан чиқа олмаса, Трампнинг фоиз тўловлари 45 миллион долларни ташкил этади.
Бироқ ижобий пул оқими тўлиқ эркин эмас; Plaza каби ҳашаматли муассаса доимий қараш ва капитал таъмирни талаб қилади. Plaza улуғвор кўриниши учун ҳар йили камида 8 миллион долларни четга олиб қўйиш керак. Бироқ Трамп меҳмонхона атиги 3 миллион долларга муҳтож деб ҳисоблайди, чунки меҳмонхона яқинда қимматбаҳо таъмирдан чиқарилган.
Молиявий ҳисоботларга кўра, Трамп 1988 йилда меҳмонхона ва унга ёнма-ён қурилган кичикроқ бинони харид қилиш учун 409 миллион доллар тўлаган. Бунда шартномани тузишда сарфланган 4 миллион доллар ҳисобга олинмаган. Бу улкан тўлов даромади 1988 йилда 16 миллион долларни ташкил этган муассаса учун амалга оширилган. Шу тариқа, Трамп меҳмонхона учун унинг даромади 25 каррасига тенг ҳақ тўлади. Яна ҳайратланарли жиҳати, банкирларга битим шунчалик маъқул келдики, улар Трампдан акцияларнинг кичик улушини талаб қилди. Ҳисоботларда қайд этилишича, Трампнинг бўлиб-бўлиб тўлаш асосидаги кредити бўйича биринчи тўлови атиги 30 миллион доллар — харид умумий суммасининг бор-йўғи 7,5 фоизини ташкил қилган. Банкирларда бу каби сахийлик қаердан пайдо бўлган? Яхши савол. Эҳтимол улар Трампнинг ўша замонлардаги ғаройиб омадлилигига умид қилгандир.
Банклар меҳмонхонани харид қилишни рад этиб, уни сотувга қўйганда нимага эришиши мумкин эди? Эҳтимол, бу сумма 300 миллион доллардан ошмасди ва бу 415 миллион доллар банк қарздорлигига маҳкум муассаса учун. Айнан шу ҳолат Трамп ҳозиргача Plaza меҳмонхонасини бошқариб келаётганининг сабабига ойдинлик киритиши мумкин. Харид қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш банкирлар учун нохуш мол-мулкни мусодара этиш жараёнларини келтириб чиқариши мумкин эди.
Табиийки, Трамп 300 миллион доллар кулгили сумма эканлигини таъкидлайди. Бироқ шундай қийматда ҳам муассаса бутун сумманинг 4—5 фоизига тенг даромад келтирган бўларди.
Охирги икки йил давомидаги таъмирлаш учун харажатларни ҳисобга олиб, Трамп жорий йилдаги фойда 35 миллион доллар, кейинги йил эса 45 миллион долларни ташкил этади деб ҳисоблайди. Бироқ булар шунчаки қуруқ ваъдалар бўлиб, у булар билан банкирларни алдаб юра олмайди. Топқир одам бўлган Трамп Plaza меҳмонхонаси учун барча қарзларни меҳмонхона хоналаридан ярмини шахсий мулк сифатида сотиш билан шуғулланиш орқали йил якунига қадар тўлаш ҳақидаги режасини маълум қилди. Меҳмонхоналардаги хоналарнинг умумий сони 804 тадан иборат. Унинг сўзларига қараганда, бу 400 миллионлик кредитни сўндириш учун маблағ оқимини кўпайтиради. Бундан ташқари, муассасанинг ярми унга тегишли бўлади.
Хўш, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Айтайлик, Трамп умумий майдони 500 квадрат фут бўлган 402 та хонани сотади. Агентлик тўловлари ва сотиш бўйича бошқа чиқимларни тўлагандан сўнг у ҳар бири 1 миллион доллар ёки квадрат фути учун 2000 доллар тўловчи харидорларни топиши керак бўлади. Трамп ҳисоб-китобига кўра, квадрат фути учун атиги 1500 доллар. Нима бўлганда ҳам, буни амалга ошириш унинг қўлидан келармикан? Corcoran Group’дан Барбара Коркоран маълумотларига кўра, Нью-Йоркда турар-жой учун максимал қиймат квадрат фути учун 1590 долларни ташкил этади.
Нима бўлишидан қатъий назар, ҳозирда квартираларни сотувга қўйич бўйича ҳисобот тақдим этиши керак бўлган Трамп меҳмонхона тақдирига ишонч билан қарамоқда. Нега унда Kenneth & Co. аудиторлари меҳмонхона молиявий яшовчанлигига бу қадар умидсизлик билан ёндашди? «Улар квартиралар билан боғлиқ ғоядан бехабар эди», — дейди Трамп.
Изоҳ (0)