Ўзбекистон Президентининг 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини эркинлаштиришнинг устивор чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар экспорт амалиётлари бўйича келиб тушган хорижий валютадаги тушумни мажбурий тартибда сотишларига қўйилган талаб бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар бермоқда.
Юқоридаги меъёр қабул қилиниши муносабати билан ва мажбурий сотувни амалга оширилиши ёки оширилмаслиги юзасидан келиб тушаётган саволларга асосан Ўзбекистон Марказий банки қуйидагиларни маълум қилади:
2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари экспорт қилинаётган товарлар (хизматлар) тури ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, экспорт амалиётлари бўйича келиб тушган хорижий валютадаги тушумни мажбурий тартибда сотишларига қўйилган талаб бекор қилинди.
Бундан буён экспортчилар экспортдан келиб тушган ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз хоҳишларига кўра, жорий халқаро тўловларни амалга ошириш, шунингдек товарлар (хизматлар) импорти учун сарфлашлари ёки миллий валютадаги жорий харажатларни амалга ошириш учун хизмат кўрсатувчи банкка ёки валюта биржасида (банк орқали) сотиш ҳуқуқига эгадир.