7 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида инглиз тилидаги My First President иншолар тўпламининг тақдимоти ўтказилади. Бу ҳақда «Fledu.uz» сайти маълум қилди.
Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган танловда олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларининг талабалари, мактаб ўқувчилари иштирок этди. Танлов комиссияси томонидан инглиз тилидаги 500 дан ортиқ иншолар кўриб чиқилиб, уларнинг 36 таси тўпламга киритилди. Мана шу тўплам тақдимоти кенг миқёсда ўтказилади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мемориал мажмуа, Ислом Каримов республика хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда «Ўзбекистонда хорижий тиллар» номли илмий-услубий электрон журнал ва портал ушбу тадбирнинг ташкилотчилари бўлади.
Тадбир доирасида Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил қилинади. Тадбир иштирокчиларига «Биринчи Президент ва ёшлар» деб номланган ролик ҳам намойиш этилади.
Тадбир якунида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилиб, уларга махсус дипломлар ва совғалар топширилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова, тегишли вазирлик ва муассасаларнинг раҳбарлари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Изоҳ (0)