Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар бермоқда.
Хабар беришларича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Бишкекдан Ўзбекистонга жўнаб кетган. Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи 5 сентябрь куни бошланган эди.
Хусусан, Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида бўлиб ўтган икки мамлакат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинган эди.
Икки давлат раҳбарлари аввалги мулоқотларида минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш, Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа масофали темир йўл барпо этиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Бу галги учрашувларда унинг ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзолади.
Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017—2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Изоҳ (0)