Ислом Каримов номидаги Фондда хорижда таҳсил учун грант соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
Ислом Каримов Фондининг 12 нафар стипендиати кейинги икки йил давомида Ангальт амалий фанлар университети (Германия), Рур университети (Германия), Москва меъморчилик мактаби ҳамда Турин политехника университетида (Италия) қайта тикланувчи энергия манбалари, машинасозлик технологиялари, шаҳарсозлик, сув ва ер ресурсларини бошқариш, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш мутахассисликларидан магистратура йўналиши бўйича таҳсил олади.
«Грант соҳибларини муносиб ғалаба билан муборакбод этиб, ўқишларида омадлар тилайман. Европанинг пешқадам олийгоҳларида таълим олган кадрлар келажакда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишига чин дилдан ишонаман», — деди Каримова-Тиллаева.
Ислом Каримов Фондининг хорижда таҳсил олиш учун гранти совриндорлари: Усмонов Мирусмон, Миртурсинов Мадиёр, Асадов Бекзод, Искандаров Нурсултон, Маҳкамова Лазизахон, Қамбаров Фарҳоджон, Турсуналиев Улуғбек, Гардер Ник, Мирзаахмедов Отабек, Усмонов Абдижалол, Нурмаматов Жаҳонгир ва Фейзуллаев Алим.
Танлов шу йилнинг январь ойидан май ойигача ўтказилиб, унда жами 300 га яқин ёшлар қатнашди.
Изоҳ (0)