Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Тошкентаги Хастимом мажмуасида Мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан учрашган эди.
Президент учрашув чоғида Ҳаж масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, бу йилдан Ҳаж квотаси оширилгани, шунингдек, бир гуруҳ уруш қатнашчилари ва фахрийлари давлат ҳисобидан зиёратга юборилганини таъкидлади.
Айни вақтда, Президент Шавкат Мирзиёев зиёратни адо этиб қайтган ҳожилар ўз хулқи ва ҳаракати билан жамиятда бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Ҳар бир масжидга шу маҳалла, шу қишлоқ, шу тумандан Ҳажга боришга навбатда турганларнинг рўйхати илиб қўйилиши керак. Жума намозига келганлар буни кўрсин. Ҳажга боришга ким маъқул эканини – Ҳажга бориш истагидаги инсоннинг жамиятга қанчалик фойдаси тегишини ҳисобга олиб – жамоат ҳал қилсин.Ҳажга бориб келган ҳар бир фуқаро маънавият тарғиботчиси бўлиши керак. У Худодан қўрқиши, бандасидан уялиши керак. Адолат мезони биринчи галда унда бўлиши керак, қўшниси Ватанга муҳаббат, ишга муносабат, фарзанд тарбияси масаласида энди ундан ўрнак олиши керак.
Мана қанча масала турибди бизнинг олдимизда. Давлат ҳеч қачон дин ишига аралашмайди. Биз аралашишдан йироқмиз. Лекин адолатни ўрнатишга масъул ва жавобгармиз.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Изоҳ (0)