Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузурида май ойида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси олиб борилган ишларнинг илк ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ундириш борасида кўрилган чоралар натижасида июнь ойида 812,4 миллиард сўм, июль ойида 1,2 триллион сўм, август ойида 1,6 триллион сўмдан ортиқ тўловлар ундирилди.
Қарздорликларни ундириш мақсадида июндан августгача бўлган даврда 4,6 триллион сўм қарздорликни тўлаш юзасидан 4,6 миллион талабномалар юборилди, 112,4 миллиард сўм қарздорликни иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида 177,3 мингта талабномалар берилди, 993,2 миллиард сўм қарзи бўлган 39,4 минг юридик шахснинг ҳисоб рақамларига инкасса топшириқномалари қўйилди, судларга 12,2 мингта даъво аризалари киритилди, ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва тармоққа ноқонуний уланган 92 минг истеъмолчи, шу жумладан, 11,2 нафар юридик шахс электр ва газ тармоқларидан узилди.
1695463 та турар ва нотурар жой биноларини инвентаризациядан ўтказиш давомида 285512 та кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган бино, 16127 та ўзбошимчалик билан қурилган объект, 525657 та носоз ёки давлат қиёслов кўригидан ўтмаган энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси, 110,4 миллиард сўм нореал қарздорлик (электр энергияси учун 59,7 миллиард сўм, газ учун 50,7 миллиард сўм) аниқланди. Натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Энергия ресурсларининг талон-торож қилиниши ва бунинг оқибатида 137,5 миллиард сўм нореал қарздорликнинг келиб чиққани ҳолатлари бўйича 111 та жиноят иши қўзғатилди.
Масалан, «Андижоншаҳаргаз», «Андижон ёғ-мой» АЖ ва «Андижон биокимё заводи» АЖ мансабдор шахслари томонидан ўзаро тил бириктириб, еттита маҳалла аҳолисини юқори босимли газ тармоғига ноқонуний улаш йўли билан 10,3 миллиард сўм талон-торож қилингани аниқланган.
«Бўстонлиқтумангаз» филиали ва «Тошкентгазтаъминот» унитар корхонаси мансабдор шахслари истеъмолчиларнинг табиий газ сарфи кўрсаткичларига сохта маълумотлар киритиб, 15,6 миллиард сўм миқдорида нореал қарздорликнинг вужудга келишига сабабчи бўлган.
Шунингдек, талон-торожликлар натижасида пайдо бўлган қарздорликни энергия ресурслари ҳисобини юритиш бўйича маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритиш йўли билан аҳолига қайта тақсимлаш ҳолатлари аниқланди.
Масалан, Косон ЭТК мансабдор шахслари 2012−2017 йилларда «Электрҳисоблагич» ДК маълумотлар базасига Косон тумани ҳокимининг қарори билан фаолияти тугатилган юзта хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорлиги борлиги ҳақида сохта маълумотлар киритиши натижасида 2,383 миллиард сўм нореал қарздорлик пайдо бўлган.
Жарқўрғон тумани ЭТК мансабдор шахслари 47 та фермер хўжалиги ва иқтисодиёт коллежининг 11,6 миллиард сўм қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида маълумотлар базасига сохта маълумотлар киритган.
Мавжуд қарздорликни ҳисобдан чиқариб бериш эвазига қонунга хилоф равишда ҳақ олганлик ҳолатлари бўйича 51 та жиноят иши қўзғатилган.
Июнь август ойлари давомида кўрилган чоралар натижасида 2,7 триллион сўм ундирилиши, 4,3 миллиард сўм миқдорида жарималар қўлланилиши, суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро қилмаган шахслардан 7,3 миллиард сўм ижро йиғимлари ундирилиши таъминланди.
Энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижасида июнь–август ойлари давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан 6,32 триллион сўм ундирилиши таъминланди.
Изоҳ (0)