Кеча — 29 август куни Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ—2018 саралашидан жой олган учрашув учун чипталар сотувга чиққани айтилганди. «Championat.asia» нашри «Бунёдкор» стадиони кассаларига ташриф буюриб, жараён билан танишишга ҳаракат қилди.
Маълум бўлишича, кассаларда фақатгина дарвоза ортидаги секторлар учун чипталар сотилмоқда. Уларнинг нархи 30 ва 35 минг сўмни ташкил қилади. Бироқ марказий секторлардан чипта харид қилишни истовчи мухлислар ўз мақсадига ета олмайди. Мавжуд вазиятни касса ходимлари тушунтириб бера олмаган.
Шундан сўнг «Championat.asia» журналистлари «Бунёдкор» стадиони маркетинг бўлими бошлиғига мурожаат қилган. Суҳбатдош марказий секторлар учун чипталар ЎФФ терма жамоалар марказига берилганини маълум қилган.
Терма жамоалар маркази мавжуд чипталарни қайси кассаларда ва қай кўринишда сотиши маълум эмас. Нашр вазият юзасидан «Бунёдкор» стадиони директори Воҳид Зокиров билан интервью ташкил қилишни режалаштирган.
31 август кунги Хитой — Ўзбекистон ўйини бўлиб ўтмагани учун, «Бунёдкор» кассаларининг биринчи кундаги иши у қадар юришмаган ва юзга яқин чипта сотилган. Чипта савдоси кутилган ажиотажни тақдим этмаяпти, деб ёзилган хабарда.
31 август куни Ўзбекистон термаси Хитойдан мағлуб бўлса ва параллел ўйинда кореяликлар Эронни мағлуб этса, 5 сентябрь кунги ўйин Ўзбекистон термасига тўғридан-тўғри йўлланмани тақдим этмайди.
Изоҳ (0)